Аҳоли орасида кўпроқ бўлишимиз керак


Мамлакатимиз кундан-кунга юксалиб, равнақ  топаётганлигини ҳар бир фуқаронинг бахтида, оилаларнинг тинчлик осойишталигида, ёш авлоднинг баркамоллик сари интилиб, ўз орзуларининг рўёбини эртага эмас, шу бугун  кўриб, ойдин келажагига ишониб яшаётганлигида ҳис қилмоқдамиз. Юртимизнинг эса кун сайин эмас, соат  сайин янгиланиб бораётганлигини, дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган интилишлари, ўз сармояларини бизнинг юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига қаратиб, инвестиция киритишга навбат кутиб турганлигида, республикамизнинг барча ҳудудларидаги бунёдкорликлар, юксалишларда рўйи-рост кўрмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг нав­батдаги ўн олтинчи ялпи мажлисига ана шундай фахр ва ифтихор билан кириб келдик. Кун тартибидаги муҳокамага қўйилган ҳар бир қонун, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз равнақи учун зарур бўлган ҳар бир масала юртимизнинг миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қўйган қадамининг мустаҳкам асоси эканлигидан далолат беради.

Юртимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган муҳим ғоялар, Фармон ва қарорлар Ватан равнақига хизмат қилмоқда. Аввало аҳоли саломатлиги, тинчлик-осойишталиги, таълим, айниқса мактаб таълимининг йўлга қўйилганлиги, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, соҳасидаги фармон ва қарорлар ижроси туфайли ҳаётимиз фаровон, келажагимиз нурафшон бўлаётганлиги ҳақиқатдир.

Сенат йиғилишида кун тартибидаги иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини сенаторлар бир овоздан маъқулладилар. Ушбу қонун билан 4 та қонун ва 1 кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу қонунлар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш уларнинг муҳофазаси, имтиёзларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилаш юзасидан мустаҳкам ҳуқуқий база яратилишига хизмат қилади.

Бугунги кунда юртимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи кичик ва хусусий бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаяпти.

Президентимизнинг кейинги икки йилда иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари асосида қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар банклар фаолиятида, тадбиркорлик фаолиятидаги лицензиялаш тартибларини йўлга қўйишда, давлат божхона органлари фаолиятини такомиллаштиришда ҳуқуқий нормаларни янада мустаҳкамлаб беради. Бу албатта иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эгадир.

Яъни, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлар учун катта имтиёзлар яратмоқда. Агар имтиёзли микроқарзлар аввал фақат “Микрокредитбанк” орқали берилган бўлса, энди барча банклар фаолиятида тадбиркорлар учун шундай ҳуқуқий имкониятлар яратилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун бериладиган лицензиялар 5 йил муддатни ўз ичига олар эди. Янги қонунчиликда лицензиялар муддатсиз бериладиган бўлди. Ёш тадбиркорлар брокерлик фаолияти учун  рухсатномани божхона идораларидан олар эди, энди бу рухсатномалар  корхона ва ташкилотларнинг ўзида ҳал қилиниши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Шунингдек, Сенат йиғилишида кундалик ҳаётимиз учун жуда муҳим бўлган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам маъқулланди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, жойларда аҳоли билан мулоқот қилиш орқали ҳақиқий аҳволни ўрганиш жараёнида кўряпмизки, чиқиндилар муаммоси энг оғриқли масалалардан бири бўлиб турибди.

Баъзан маҳаллаларимиз ва мавзеларимиздаги дренаж тармоқларнинг чиқиндиларга тўлганини кўриб ачинамиз.

Афсуски, “Чиқиндини дуч келган жойга ташлаш мумкин, барибир кимдир йиғиштириб олади”, деган фикр одамларимиз, айниқса ёшларимиз онгига ўрнашиб олганлиги ташвишли ҳолдир.

Чиқиндини-ку йиғиштириб олиш мумкиндир, йиғиштириб олиняпти ҳам, бироқ тарбиядаги “чиқиндини” қандай тозалаш мумкин?! — деган савол бугун ҳаммамизни ўйлантириши керак.

Бу ҳақда жамоатчилик ва матбуот ҳам бонг урмоқда.

Бироқ, маслаҳатлар, танбеҳлар ва баъзан ҳатто жарималар ҳам кутилган натижага эришишда камлик қилмоқда.

Эътибор беринг, ўтган йили чиқиндини белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлик 6 мингдан зиёд ҳолат аниқланган бўлса, жорий йилнинг ўтган 8 ойида бу ҳолат 2 баробарга кўпайиб, 13 мингдан ортиқни ташкил этган. Бу ҳали аниқланганлари, холос.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 14 туманда “Тоза ҳудуд” корхоналари очилди. Бу корхоналар чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш бўйича аҳоли билан шартномалар асосида фаолият олиб бормоқда.

Айниқса, Нукусда бу ишлар учун 14 та махсус техника ажратилиб, атроф-муҳитнинг озодалиги юзасидан аниқ тадбирлар асосида самарали фаолият олиб борилмоқда.

Бу соҳада яна бир янгилик шуки, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий янги технологиялар асосида ишлайдиган корхоналар пайдо бўлди.

Шунга қарамасдан, соҳада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Қорақалпоғистонни энг озода, гўзал ҳудудга айлантириш бўйича аҳоли орасида кўпроқ бўлиб, тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.

Шунингдек, айниқса ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш асосий вазифалардан бири бўлиб турибди.

Қонунга кирган ўзгартиш ва қўшимчалар билан белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаганлик учун маъмурий чораларнинг кучайтирилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Аммо, мақсад фақат жарималар миқдорини ошириш орқали бюджетга кўпроқ пул тушириш эмас, балки одамларда эътибор ва масъулият ҳиссини кучайтириш, мамлакатимизда обод масканларни кўпайтириш эканини тўғри тушуниш лозим.

Агарда ана шу фикрни халқимиз орасида тўғри тарғиб қила олсак, ишончим комилки, белгиланган чоралар ўз самарасини беради. Бунинг учун биз халқ вакиллари — сенаторлар, депутатлар жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида кўпроқ бўлишимиз, бу муаммоларни ҳал қилишда бевосита иштирок этишимиз керак, деб ўйлайман.

Албатта, сенаторлар томонидан маъқулланган қатор қонун ва қарорлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали ижро этишда катта аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Гулистон АННАҚЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Сенатор.