Алишер Навоий барча туркий тилли халқлар ва туркий адабиётларнинг фахрига айланган, бир неча асрлардан бери асарлари жаҳон аҳлини ҳам ҳайратга солиб келаётган беназр сўз санъаткоридир.
Алишер Навоий туркман адабиётида ҳам ҳурмат билан тилга олинадиган улуғ сиймолардан бири. Навоийнинг Марвда бўлганлиги, у ердаги “Хисравия” мадрасаси бевосита шоир ташаббуси билан қурилгани борасида Хондамир “Макорим ул – ахлоқ” китобида маълумот беради. Шоирнинг “Ҳазойин ул – маоний” девони ва “Мажолис ун нафоис” тазкирасида Марв, туркман шоирлари тўғрисида баъзи маълумотлар учрайди.
Навоийнинг Ироқ султони ва шоир, туркман Ёқуббек билан дўстона муносабатларини далиллайдиган илмий манбаларга ҳам эгамиз.
Алишер Навоий мероси туркман шоирлари учун ўқиш, ўрганиш, тажриба орттириб, маҳоратини чиниқтириш мактаби вазифасини ўтади. ХVI–ХVII асрлардан бошлаб шоир анъаналарига эргашувчилар, навоийёна услубда ижод қилишга интилувчилар адабиёт майдонига кириб келади. Масалан, ХVI асрнинг ўрталари ва ХVII асрнинг бошларида яшаб ижод этган туркман олими, шоир ва рассом Авшар Содиқий “Мажолис ун нафоис” тазкираси таъсирида “Мажме ул – ҳавас” деган тазкира яратган. Тазкирада форс, араб ва туркий тилда ижод қилган 332 шоир хақида маълумот келтиради. Тазкира муқаддима, саккиз бўлим ва хотимадан иборат. У барча хусусиятлари билан “Мажолис ун нафоис”ни эслатади. Содиқий тазкиранинг муқаддимасида ўзигача тазкира ёзган ижодкорларни тилга олади. Навоийга уч байт ғазал бағишлаб, улуғ шоирга эҳтиромини билдиради. “Мажме ул ҳавас”ни бевосита “Мажолис ун нафоис” таъсирида ёзганини ҳам қайд этади.
ХVIII – XIX асрлар туркман адабиётида Алишер Навоий меросига қизиқиш, ижодининг етакчи ғояларини янги тарихий шароитга мослаштириб ривожлантиришга мойиллик ҳар қачонгидан кучаяди. Озодий ва Андалиб, Махтумқули ва Камина, Мулланафас ва Зелилий, Шохбанди ва Сейидий, Зинҳорий ва Ғойибий, яна ўнлаб туркман шоирлари Шарқ адабиётининг буюк мутафаккирлари қаторида Алишер Навоийни ҳам ўзларига устоз санаган. Шоир меросига ижодий ёндашиб, индивидуал услубда қалам тебратишган. Давлатмамад Озодий шундай талант соҳибларидан бири. У Махтумқулининг отаси. Ўғлининг истеъдодли шоир бўлиб етишишида алоҳида роли бор мураббий – устоз. Озодий ХVIII аср туркман адабиётида бир неча достонлари, ғазаллари билан танилди. Айниқса, олти минг мисрадан иборат “Ваъзи Озодий” достони шоирга шуҳрат келтирди. У жанри бўйича фалсафий-дидактик достон. Асар Шарқ мумтоз адабиёти, хусусан, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Жомий, Навоий анъаналари руҳида ёзилган. Достонда Алишер Навоийнинг достончиликдаги тажрибаси, хусусан, “Ҳайрат ул- аброр”нинг таъсири кўпроқ сезилади. Навоий достонидаги илм ва илм аҳли, адолатли ва адолатсиз подшолар, сахийлик, камтаринлик ва меҳнатсеварлик каби ғояларнинг ҳикоят ва ривоятлар либосида, афсонавий образларда берилган.
Махтумқули туркман адабиётига беқиёс ҳисса қўшган, тараққиётнинг янги давонига олиб чиққан, жаҳон адабиётида ҳам нуфузи юқори донишманд шоирлардан бири. Унинг шундай юксак обрў – эътиборга эга бўлишида ўз миллий адабиёти чашмалари билан бирга, дунё адабиёти, энг аввало, Шарқ мумтоз адабиётининг ҳиссаси ҳам салмоқли. Шоирнинг “Бўлсам” радифли шеърида Умар Ҳайём, Фирдавсий, Низомий, Ҳофиз, Румий, Саъдий, Навоий каби шоирларнинг номини, баъзи асарларини тилга олгани салафлари ижодига мафтунлик ифодасидир. У ўзини “Устоз Навоий этагидан тутган” шогирд ўрнида кўради. Шоирнинг “Чор девон”, “Фарҳод ва Ширин”асарларини юксак ижод намунаси тарзида эътироф этади. Навоий ижодига худди “Мажнун Лайлига ошиқ бўлгандек, ошиқ бўлишни” хоҳлайди. Махтумқулининг бошқа шеърларида ҳам Навоий номи, асарлари, яратган образлари учрайди.
Навоий ғазалларига ёзган назиралари, мухаммасларида бу ижодий таъсир акс садо бериб туради. Масалан, шоирнинг “Кўнгил”, “Қоши ёй”, “Тўғриси”, “Эй, дўст”, “Керакмас”, “Айлади” ғазаллари поэтикаси, ифода усули Навоийга жуда яқин.
Маълумки, Махтумқули лирикасида дидактик мотивлар етакчи. Афоризмларга айланиб кетган шеърлари бисёр. Шоир Шарқ фалсафаси, шарқона одоб – ахлоққа хос таълим – тарбия йўналишида ижод қилишда ҳам Шарқ адабиёти илғор тажрибаларидан сабоқ олди. Чунончи, Навоийнинг таълимий мазмундаги ҳикматли сўзлари Махтумқули учун насиҳат шеърлар битишда бадиий шакл вазифасини ўтаган.
Туркий шеърият осмонининг сўнмас қуёши – Алишер Навоий ва Махтумқули Фироғий тимсолида адабиётларимиз ҳамкорлиги, халқларимиз дўстлигининг янги заминдаги амалий ифодасини ҳам кўрамиз, фахрланамиз.
Ҳа, Алишер Навоий ва Махтумқули Фироғий истиқлол йилларида ўзбек ва туркман адабиётларини бир-бирига яқинлаштиришнинг, ўлмас асарлари орқали қардош, тақдирдош туркман ва ўзбек халқларининг азалий дўстлигига хизмат қилишнинг буюк тимсолига айланди.
Феруза Сапаева,
Нукус ДПИ Ўзбек адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.



