Сўз заргари ижодига бағишланган


Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, марҳум Тилеўберген Купбатулла ўғли Жумамуратов таваллудининг 106 йиллигига бағишланиб, “Қорақалпоқ маданий мерослари” мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда нафақат мамлакатимиздаги, балки Россия Федерацияси, Белорусь, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёзувчи-шоирлар, олимлар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва шоирнинг яқинлари иштирок этди.

Бундай тадбирни ўтказишдан мақсад, қорақалпоқ адабиёти ривожига улуш қўшган сиймоларнинг ижодини чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш, миллий адабиётимизни дунё халқларига танитиш ҳисобланади. Шунингдек, ёшларимизда адабиёт, маданиятга бўлган муҳаббатни уйғотиш орқали уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишларига эришишдан иборат.

Конференция шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган кўргазма намойиши билан бошланди.

Унда Н.Корнилов, Қ.Бердимуратов, И.Алибеков, Ж.Изентаев, М.Қудайбергенов, Т.Сулайманов, Г.Қабулбекова ва бошқа рассомларнинг асарлари, музейда сақланаётган шоирга тегишли буюмлар, ижодий фаолиятини акс эттирувчи суратлар намойиш этилди.

Шоир шеърият, наср, драма ва публицистика жанрларида қалам тебратган. Аммо уни халқ орасида машҳур қилгани, бу шеърият бўлди. Унинг ижодида камалакнинг жилосидек тўртликлар, термалар, сонет, баллада, юмор-ҳажвий шеърлар поэмалар бор. Бу катта мерос йиллар оша ҳар томонлама ўрганиб келинмоқда.

Т.Жумамуратов фольклор ижодий муҳитда вояга етиб, ўз устида ишлаб, такомиллашиб, импровизатор шоир бўлиб етишди. У ўз шеърлари билан замонининг йилномасини ёзиб кетди, десак тўғри бўлади. Шоирнинг бой мероси ичида вақт синовларидан ўтиб, бугунги авлод маънавий дунёсидан жой олган, умуминсонийлик, одоб-ахлоқ мавзусидаги асарлари анчагина. Уларнинг айримларида вақт, ҳаёт, жамият, одамлар, авлодлар алмашинуви сингари теран фалсафий тушунчалар ўқувчилар тез қабул қиладиган даражада ихчам тасвирланган. Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Тилеўберген Жумамуратов 1915 йили Мўйноқ туманининг Оқдарё овулида таваллуд топган. Дастлабки шеъри 1937 йилда чоп этилган. Шоирнинг “Юрак муҳаббати” (1956), «Дўстлик» (1959), «Менинг замондошларим» (1963), «Кароматли сиймо» (1975), «Тўлқинда» (1970) тўпламларидан сўнг «Танланган асарлари « (1967) 1978-82 йиллари асарларининг 2 жилдлиги, «Турли ошувлар» (1983), «Дўстлик ҳақида шеърлар» (1988), «Умр – ўзи фалсафа» (2005), «Макарья сулув» поэмаси (1973, 1975) каби асарлари нашр этилган.

Ижодкорнинг кўплаб шеърий асарлари, шунингдек «Макарья сулув» ­поэмаси рус, ўзбек тилларига таржима қилинди. “Қизлар ҳазили” (1976), «Тикланган туғ» (1971) пьесалари саҳналаштирилди.

Шоир Умар Ҳайём, Алишер ­Навоий, Муса Жалил, Александр Пушкин асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилди.

Қорақалпоқ шоирлари орасида Т.Жумамуратов биринчи бўлиб 1957 йилда «Қорақалпоғистон халқ шоири», 1969 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонларига сазовор бўлган.

– Ҳар бир халқни танитадиган, довруғини ёядиган улуғ фарзандлари бўлади, –дейди филология фанлари доктори, профессор Қурбонбой Жаримбетов. – Қорақалпоқ халқига ўткир қалами билан беминнат хизмат қилган фидойи фарзандларидан бири, сўз заргари Тилеўберген Жумамуратовдир. Замондошларининг айтишича, у туғма истеъдод соҳиби бўлган.

Конференцияда хорижий мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тинг­ланиб, талабалар томонидан шоирнинг ҳорижий тилларга таржима қилинган асарларидан парчалар ижро этилди. Тадбир доирасида ёшлар ўртасида шоир ижоди бўйича танлов ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида шоир асарлари асосида ташкил этилган санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Д. Абибуллаев.