Наврўз — Қадриятлар мужассам бўлган кун


Наврўз бободеҳқонларимизнинг кенг далаларга чиқиб экин экишидан, момоларимизнинг дошқозонларда сумалак қайнатиб, лапарлару-ўланлар айтишидан бошланади. Зеро, ерга қадалган ҳар бир уруғ эртанги насибамиздан, оналаримиз сумалаги Наврўз келганидан, меҳр-оқибатдан дарак беради. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида нишонланадиган Наврўз байрамининг умрбоқийлик сири ҳам шунда. Аслида Наврўз юртимизни, миллатимизни, урф-одату қадриятларимиз бетакрорлигини бутун жаҳонга кўз-кўз қилувчи байрамдир.

Унинг мустақиллик йилларида қайтадан юзага чиқиши, ривожлантирилиши ва бойитилиши эса жуда муҳим ижтимоий-тарихий аҳамиятга молик.

Бу — миллий қадриятларимиз қайтадан тикланаёт­ганлигининг намунаси бўлди. Дарҳақиқат, Наврўз халқ байрами, унда халқимиз анъаналарига хос ­турли шаклдаги халқона санъат етакчилик қилади. Турли манзилларда, турфа даврларда миллий ўйинлар, лапар ва қўшиқлар, фольклор ҳангомалари, дорбозлар маҳорати намоён бўлади.

Наврўзи олам юрт кезаркан, шу кундан эътиборан одамлар барча хафагарчиликларни унутишга, гиналарга барҳам беришга интиладилар. Шу улуғ айёмда қон-қонимизга сингиб кетган хайр-эҳсон, айниқса, беморлар, кексаларни зиёрат қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш алоҳида фазилат саналади.

Бетакрор Наврўз кунларида шу муқаддас тупроқда яшаб ўтган аждодларимиз, буюк алломалар, азиз-авлиёларимиз, ота-боболаримизнинг, юртимизда тинч­лик хотиржамлик бўлсин, элимизни  файзу-барака, хосият тарк этмасин, сувимиз, ҳосилимиз мўл бўлсин, дала ишларини бошлаёт­ган деҳқонларимизнинг бахтини, омадини берсин, деган тилак ва дуоларининг ижобат бўлиши барчамизнинг юрагимизга ­малҳам беради.

Наврўз фалсафаси, Наврўз қадриятларининг узвий бир қисми бўлмиш ёрдам ва кўмакка муҳтож одамларга, бева-бечораларга меҳр-мурувват кўрсатиш, ўтганларни хотирлаш, табаррук кексаларни зиёрат қилиб, дуосини олиш сингари олижаноб туйғу ва интилишлар янада жамланади.

Умар Хайёмнинг “Нав­рўзнома” китобида келтирилишича, “Наврўз”нинг ­жорий қилиниши шундан иборатки, Офтобнинг икки айланиши мавжуд, улардан бири қуйидагича: Офтоб ҳар уч юз олтмиш беш куну кеча кундузнинг тўртдан бирида Ҳамал буржининг биринчи дақиқасига чиқиб кетган пайтининг ўзида яна қайтиб келади ва ҳар йили бу давр камая боради.

Юртимизда Наврўз йилнинг баҳорги тенг кунлигига тўғри келади. Тарихий манбаларнинг хабар беришига қараганда, Наврўз қадим-қадим замонларда, яъни милоддан аввалги I минг йилликда ҳам нишонланган. Ҳозирги кунда шу байрам ўзининг объектив тарихий замини бўлганлиги учун ҳам яшовчан ва қадрлидир. Наврўз ҳақида энг тўла маълумотлар ва аниқ илмий хулосалар шарқ ёзма манбаларида – Фирдавсийнинг (934-1025) “Шоҳнома” достонида, буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048)нинг “Китобаш тав­ҳим” (“Тушунтириш”), “Қонуни маъсудий”, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайём­нинг “Наврўзнома”, Маҳмуд Қошғарийнинг ­“Девону луғатит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носир Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” номли китобларида баён этилган.

Наврўзнинг қадимийлиги ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Айрим маълумотларга кўра, бу байрам аҳамонийлар давридан (милоддан аввалги 558-330 йиллар) бошлаб одат тусига кирган. Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонида Наврўз қаҳрамон Сиёвуш шахси билан боғланган. Сиёвуш ўлимидан сўнг, Бухоро оташпарастлари унинг қабри жойлашган масканни азиз тутганлар ва ҳар йили бир марта унга атаб хўроз сўйишган. Бу одат тусига кириб, Наврўз тарзида нишонланишига сабаб бўлган. Бухорода Сиёвушга аталган маросимларни “Оташпарастлар йиғиси” деб ҳам аташади.

Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, Наврўз деб аталишининг сабаби шуки, Жамшид подшоҳ бўлгач, маъжусийлар динини янгилашган ва шу кунни “Наврўз” яъни “Янги кун” деб аташган. Умар Хайём ҳам “Наврўзнома” асарида бу айёмнинг нишонланиши подшоҳ Жамшид даврида бошланганини ­эслатиб ўтади. “Кимки Наврўз куни байрам қилиб қувонса, кейинги Нав­рўзгача ҳуррам бўлади ва фароғатда яшайди” – деб ёзади Умар Хайём.

Араблар истилосидан бурун ҳам Наврўз халқимиз томонидан кенг байрам қилинган. У билан боғлиқ ҳолда ўтказилган ҳар қандай маросимнинг динга алоқаси бўлмаган. Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ёзишича, Наврўз анъанаси исломга зид қўйилмаган. Наврўз байрами кўпгина ­халқлар орасида кенг тарқалган ва ундаги удумлар кишиларнинг бевосита кундалик турмуш эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлиб, кўп қисми исломга зид эмасди. Бироқ араблар ўлкамизда ҳукмронлик қила бошлагандан сўнг, Нав­рўзнинг нишонланишига қарши туришган ва уни ўтказишни расман тақиқлаб қўйишган. Негаки, араблар Нав­рўздек қадимий байрамлар баҳонасида халқларнинг аста-секин тил топишиб, қачонлардир бирлашиб истибдодга қарши бош кўтаришидан хавфсирашган. Лекин халқ бундай тақиқларга қарамай Наврўзни хурсандчилик билан кутиб олаверган.

Наврўз байрамларида ислом маросимларини ўтказиш ҳам аста-секин одат тусига кириб борган.

Наврўзда пишириладиган ҳосил таоми – сумалакни ҳам Биби Фотима таоми дея эълон қилганлар. Умуман, Наврўзни аста-секин диний унсурлар билан бойитиб, уни ислом байрамига айлантиришга муваффақ бўлганлар. Шунинг учун ҳам ­Октябрь инқилобидан сўнг дин давлатдан, мактаб диндан ажратилгач, Наврўз Туркистон ўлкасида диний маросим сифатида тақиқланган.

Беруний асарларида, Умар Хайёмнинг “Нав­рўзнома”сида ва бошқа манбаларда илк баҳор байрамини нишонлаганда ерга уруғ қадаш ёки сепиш, сов­ға-саломлар ҳадя қилиш, арғимчоқларда учиш, ширинлик (қандолат) тарқатиш, етти йил ҳосилини белгилаш, таҳорат қилиш, ёмғир сувига чўмилиш каби урф-одат тўғрисида хабар берилади. Наврўз байрами катта оммавий сайллар, халқ ўйинлари, мусобақалардан иборат бўлиб, у созанда ва раққосалар, масхарабоз ва дорбозлар иштирокида ўтади. Умар Хайём берган маълумотларга асосланиб, шуни таъкидлаш мумкинки, Наврўз байрами бошланиши билан ўзаро урушлар тўхтатилган, яраш шартномалари битилган, ҳатто дафн маросимлари бошқа кунга кўчирилган. Бу байрам шунчаки эҳтиромли, қувончли ва шодлик кунлари сифатида тантана билан нишонланибгина қолмай, узоқ-яқин қавму-қариндош ва дўст­ларни йўқлаш, касаллар ҳолидан хабар олиш, марҳумлар қабрини зиёрат қилиш, дўстларга ўз садоқатини билдириш, инсон қадрини эъзозлаш каби одатларга амал қилинган.

Наврўзнинг бошқа баҳор фасли байрамларига анча яқинлиги диққатга сазовордир. Этнографларнинг берган хабарларига қараганда, Паркент, Самарқанд ва Хоразмда ўтказиладиган лола сайли, сайли гулисурх ёки қизил гул сайллари асли Наврўз маросимларига анча ўхшаб кетади. Бундай байрамлар март (ҳамал) ойида нишонланиб, бир ойгача давом этади. Сайл вақтида катта бозор уюштирилади. Бозор майдонида масхарабозлар, дарбозлар, созандалар, полвонлар томоша кўрсатганлар, қўчқор, туя, хўроз, бедана ва тухум уриштиришлар ўтказилган.

Наврўз ҳам асли деҳ­қончиликка узвий боғлиқ бўлган ва унга тайёргарлик ишлари билан бирга олиб борилган. Ҳозиргача Нав­рўзга ҳозирлик кўриш дала ишларини ўтказиш тадбирлари билан бирга уюштирилади: боғ-роғларга гул ва кўчатлар ўтказиш, далаларни экинга тайёрлаш, агротехника ва моддий ресурсларни тахт қилиш, маҳаллий ўғит тўплаш, ариқ ва зовурларни тозалаш каби ишлар бажарилади. Бундай ишларга якка хўжаликларнинг қудрати етмаганлигидан бутун қишлоқ ёки туман аҳли билан ҳашар ёрдамида амалга оширилган. Мана шу пайтда Сурхондарё, Қашқадарё ва Зарафшон водийсида лой тутиш, Хоразмда қазув маросимлари ўтказилган.

Бироқ 80-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонда баъзи раҳбар шахслар Нав­рўзни халқ байрами сифатида нишонлашга тўсқинлик қилишди. Шу сабабли бир неча йиллар мобайнида оммавий ахборот воситалари бу байрамнинг аҳамияти тўғрисида холис фикр билдирмадилар. Айримлар Наврўз ўрнига апрель ойининг бошида “Нав­баҳор” номли янги халқ байрамини жорий этишни таклиф қилишди. Бу масалалар қаттиқ тортишувларни юзага келтирди. Илғор фикрли олимлар, ёзувчилар ва маданият ходимлари Наврўз қадимдан давом этиб келаётган ҳақиқий халқ байрами ­эканини, унинг моҳияти дин билан эмас, табиат қонуниятлари билан боғлиқлигини ва уни энг яхши анъаналар асосида тараққий эттириш лозимлигини ҳимоя қилдилар.

Бугунги кунга келиб Наврўз ҳақиқий халқ байрами сифатида янада кенг нишонланадиган бўлди. Халқ маросимларини қайтадан тиклаш ва республика ҳудудида ҳар йили 21 март кунини дам олиш ва Наврўз байрами сифатида кенг нишонлашга қарор қилинди. Шунга мувофиқ республикамизда инсоний қадриятларни янада камол топтириш, ҳамжиҳатлик, меҳр-шафқатни улуғлаш, маданий ва тарихий ­анъаналарни давом эттириш ҳамда ривожлантириш, асрлар давомида шаклланган урф-одатлар ва удумларни эъзозлаш мақсадида “Наврўз” байрамини кенг нишонлаш юзасидан тадбирлар белгиланди.

Эндиликда, Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари замон руҳига мослаб ўзгартирилмоқда ва қадимий анъаналарнинг моҳиятини сақлаган ҳолда янги мазмун ва замонавий белгилар билан бойитилмоқда.

Бугунги кундаги Наврўз байрамининг ғоявий мазмуни, биринчидан, халқимизнинг меҳнат фаолияти билан боғланиб келган ёрқин ва кўп қиррали интилишларига, орзу-умидларига асосланганидир, иккинчидан, халқнинг турмуш тарзи, миллий руҳи, халқ санъатининг ажойиб шакллари ва турлари, турли мусобақалар билан эътиборни жалб этувчи бу байрам халқнинг маънавий турмушини бойитишга, янгилашга, халқимизнинг гўзал ­анъаналарини сақлашга хизмат қилмоқда, учинчидан, наврўз байрамини ўтказиш ёш авлодни тарбиялашда, халқимиз ижодиётининг энг яхши намуналари мисолида улар дунёқарашини шакллантиришда, миллий ўзликни англашда катта аҳамият касб этади.

Айитбой Қодиров,

Олияхон Қодирова,

Элликқалъа тумани, меҳнат фахрийлари.

Қорақалпоғистон халқ маъорифи аълочилари.