ЎҒЛИМ УНУТМАГИНКИ, ВАТАН ШАЪНИ ОРИНГДАН УЛУҒ… (Мазкур воқеа жангчи Аминбой Қодировнинг акаси Одамбой Қодиров тилидан ёзиб олинган).


“БИЗ АЛБАТТА ҚАЙТАМИЗ….”

Ҳар йили 9 май санаси яқинлашгани сайин кўнглимизни ўша оғриқли кунларнинг оҳу ­фарёди чулғаса, бир томондан бундай ёруғ ­кунларимизга бўлган шукроналик ҳисси жўш уради.

1941 йил Германиянинг фашист Адольф Гитлер бошчилигидаги дунёга ҳукумронлик қилиш ниятида бошланган уруш қанчадан-қанча халқ­ларнинг, не бир оилаларнинг ёстиғини қуритмади….

Биринчи жаҳон уруши талофатларидан ўзига келиб улгурмаган халқимиз энди яна иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинди. Фавқулодда эълон қилинган оммавий сафарбарлик бизнинг оиламизни ҳам четлаб ўтмади.

Укам билан биргаликда темирчилик қилиб, халқнинг рўзғорига керакли анжомлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ясардик. Мени шу ерда қолдириб, фронт ортида халққа керакли бўлган буюмлар ясаш ишларига жалб қилдилар ва эндигина 19 ёшни қарши олган укам Аминбойни урушга олиб кетишди.

1941 йил сентябрь ойининг бошлари эди. Бир гуруҳ ҳарбийлар қишлоғимиздан 50 нафарча йигитларни олиб кетишга келишди. Кузатиш учун маҳалла, қўни-қўшнилар, ёшу-қари ҳамма йиғилган. Онам дағ-дағ қалтираганича ҳеч нарса деёлмас, битта нонни тишлатиб, укамни қучоқлаб йиғлайверар эди. Кузатиш олдидан дадам секин укамнинг ёнига бориб уни бағрига босди ва пешонасидан ўпиб: “Аминбой ўғлим, биз сенга ишонамиз ва сен билан доим фахрланамиз. Тез орада ғалаба билан қайтасизлар, шунда аканг Одамбой билан иккалангизнинг тўйларингни қўшиб қиламиз. Унутма, ўғлим – Ватан шаъни доим орингдан улуғ бўлсин! Оқ йўл, ой бориб, омон қайтинглар”, деб хайрлашди. Укам эса, илиқ табассум билан ҳаммамиз билан қучоқлашар экан, ­фақат битта сўзни такрорлайверди: “Хайр, яхши қолинглар, биз албатта, қайтамиз”…

Дастлаб, ҳар 2-3 ойда ўзи ва қишлоқдан бирга кетган сафдошлари,  қаерда хизмат қилаётгани ҳақида хатлар келиб турарди.Хат келган кун уйда байрам бошланар, ҳаммамиз хатни қайта-қайта ўқирдик. Онам хатни ёстиғи тагига қўйиб ухларди. Хатнинг келиш вақти чўзилса, онам дарров ўғлимдан хат келмадимикан, деб хат ташувчининг уйларигаям борарди.

Шу зайлда орадан уч йил вақт ўтди. Кейинчалик уйга хат ҳам келмай қўйди… 1943 йил – урушнинг суронли йиллари, қиш якинлашиб қолган ҳавонинг авзойи бузуқ изғиринли кунлардан бирида, одатдагидек устахонада бел, кетмон ясаётган эдим. Отам ёнимга келиб ўтирди ва қилаётган ишларимни зимдан кузатарди. Мен ҳассага суяниб ўйга чўмган отам, гапирмасаям дилида нималар кечаётганини тушунардим. Чунки, қарийиб 6 ойдан буён укамдан хат келмас эди. Қишлоғимиздан у билан бирга кетган айрим йигитларнинг машъум ўлими ҳақида “қора хат” келар ва Ватан учун жон берган шу йигит шаъни учун бутун қишлоғимиз аза очар эди…

Шу ўй–ҳаёллар билан ишимни қилаётгандим, кимдир эшикни оҳиста тақиллатди ва секин очди. Қишлоғимизнинг хат ташувчиси… Отам у киши билан саломлашаркан, қўлига хатни олди ва мажолсизгина жойига ўтириб: “Буни эртароқ сезгандим, ўғлим, оҳиратинг обод бўлсин, аллоҳу акбар” деб, фотиҳа тортди…

“Ўғлинг 19 ёшида урушга кетиб, 22 ёшида “вафот этди”, деган бу совуқ хабар оиламизга, айниқса, онам учун жудаям оғир зарба бўлди. Деярли ҳар куни: “ҳеч бўлмаса мурдасини кўрсам эди ё қабрини зиёрат қилсам эди”, -деб  кўзлари ёшланарди.

Орадан кўп ўтмай отам тўшакка михланиб қолди. Қўлимда жон бераркан, ҳеч нима гапирмас, фақат бир нуқтага тикилганича нималарнидир ҳаёл сурарди. Менинг қўлимни маҳкам сиққанича,кўзимга узоқ тикилиб, менга метин ирода, куч-қувват, оиламиз номуси ва шаънини сенга топшириб кетаяпман, дегандай бўлди ва охиста кўзларини юмди….

Отам элимизда (ҳозирги Тўрткўл тумани) Қодир бўлиш (бўлиш-ҳоким, оқсоқол маъносида) номи билан шуҳрат қозонган, диний ва ­дунёвий илмларни пухта эгаллаган соводли кишиларидан бўлган. Ўзининг меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги ва адолатпарварлиги боис хал­қимиз ҳурматига сазовор бўлган инсон эди.

ДУНЁНИ ЛАРЗАГА КЕЛТИРГАН УРУШ…

1944 йил эрта баҳор кунларининг бирида, далада кетмон чопиб юрган эдим, узоқдан одамларнинг «Сейтмамбет қайтди, Сейтмамбет қайтди» деган овозлари эшитилди ва қўлимдаги кетмонни ташладиму уйимиз рўпарасидаги Сейтмамбетнинг уйига қараб югурдим.

Чунки, Сейтмамбет укам билан бирга кетган, битта фронтда, битта жойда хизмат қилаёт­ган эди. Бир зумда барча қишлоқ аҳли шу уйда жам бўлишди. Йиғилганлар урушда бир оёғидан айрилиб келган Сейтмамбет билан аҳвол сўрашар ва тинимсиз саволларга тутишар эди.

Ўзимда зўрға куч топдимда: Сейтмамбет, ёнингда бирга кетган укам, Аминбойнинг тақдири қандай бўлди?, — деб савол бердим. У эса, секин юзимга боқиб, — Одамбой дўстим, бандалик, Аллоҳнинг иродаси экан, деди ва ҳикоясини бошлади:

— Дастлаб, бизни Москвага яқин жойга олиб боришди ва ўша ерда танк ҳайдаш, танк батальонини бошқариш,турли позицияларда танк орқали ҳужумга ўтиш машғулотлари бўйича ўқитишди. Ичимизда Аминбой қисқа фурсат ичида машғулотларни аъло баҳоларга топширди, кейинчалик у ротамиздаги энг кучли “танкчи” унвонини ҳам қўлга киритди.

Биз урушда асосан Москва атрофидаги шаҳарларда ва Сталинградда бўлдик, — деб сўзини давом эттирди Сейтмамбет. Биз уруш ўчоғига киргач, олти ойдан кейин Аминбой “7-зона танк батальони командири” лавозимига кўтарилди. Уруш даврининг энг оғир ва даҳшатлиси Сталинград жанги бўлди, десам адашмайман. Сталинградда немислар билан аёвсиз жанглар бўлиб ўтди. Аминбойнинг ўткир зеҳни, фавқулодда қарорлар қабул қилиш қобилияти ва мукаммал уруш тактикасини билганлиги боис, бир неча бор немисларни яксон қилдик, уларнинг катта ҳарбий базаларига қақшатқич зарбалар бердик, хуллас, ҳар бир ғалабамиздан қувонардик.

Ана шундай аёвсиз уруш кунларининг ­бирида танк бошқариб бораётган Аминбой ҳамқишлоқ сафдошларининг жанг майдонида ўқ жароҳатидан жон талвасасида ётганлигини кўради. Немислар томонидан биз томонга ёмғирдай ёғилаётган ўқ ва бомба кучларига қарамасдан, Аминбой дарров танкдан тушиб, икки нафарини кўтариб панароқ жойга ўтаётган пайтда унинг чап буйрагига ўқ тегди.

Мен эса узоқдан Аминбойнинг беҳол йиқилганини кўрдим, лекин шу пайт мен ҳам бир оёғимдан ўқ еганим ва ҳар икки томондан ёмғирдай ёғилаётган ўқлар сабабли унинг ёнига боришнинг имкони бўлмади, кеч ботишини кутиб ётдим. Кеч тушиши билан дарҳол Аминбой ётган жойга судрала, судрала етиб бордим. Борсам Аминбой тирик экан, лекин жуда кўп қон йўқотган, пешанасидан тер қуяр, ҳар замонда инграган овози чиқар эди. Мен унга далда бериб, яраланган жойини тозалаб, яхшимисан, десам, иккала кўзини ҳам маҳкам қисиб, илиқ табассум қилиб қўйди.

Бир пайт қарасам, узоқдан қўлларида фонарик, ёнларида баҳайбат итлари билан 30-40 кишидан иборат немис аскарлари саф тортиб келишар, олдларида учраган ҳар қандай холатдаги аскарларни – у ярадорми, ҳатто ўликми барчасини бирма-бир тепиб, қўлларидаги ўткир тиғли буров билан ҳаммасининг кўкрагига тиқиб олишарди. Мен бу ҳолатни кўриб, шоша-пиша шу ерда ётган ўликларни Аминбой иккимизнинг устимизга торта бошладим. Секингина Аминбойга:“овозингни чиқарма, ўзимизникилар бизни албатта, олиб кетишади”, – деб таъкидладим. Бу орада немис аскарлари тепамизга келиб қолишди ва мени устимдаги ўликни бир тепдида, ўткир тиғли ханжарни тиқиб олишди. Аминбой томонга ўтиб, унинг устидаги ўликни ҳам тепишганди, тепилган зарб Аминбойнинг жароҳатига таъсир қилганлиги боис, оғриқнинг зўридан инграб юборди ва буни билган немислар устида ётган ўликларни суриб ташлаб, Аминбойнинг кўкрагига тиғли буровни тиқиб олишди…

Мен у ерда қанча ётганимни билмайман, кўзимни очсам, ҳарбий госпиталда ўнг оёғим кесилган ҳолатда ётган эканман.

Айтишдики, эртаси куни команда капитанлари, ротамиз аскарлари ва сафдош дўстларимиз ҳаммаси биргаликда – менинг жондан азиз дўстим – укангиз Аминбойга ҳурмат бажо келтириб, шу жойнинг ўзига муносиб тарзда дафн қилишган экан…

Ўлимидан кейин Аминбой Қодиров уруш фронтида немис-фашизмига қарши курашда кўрсатган қаҳрамонликлари учун “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланган.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимидаги нутқида Иккинчи жаҳон уруши йилларига боғлиқ қуйидаги маълумотлар келтирилди:

«1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шаф­қатсиз жангларда ҳалок бўлди».

Шукроналар бўлсинким, истиқлол туфайли, айниқса, кейинги йилларда Ватанимизнинг ўтмиш тарихи илмга асосланган ҳаққоний факт ва далиллар билан қайта ёритила бошланди. Ҳар сафар Нукус ҳамда Тошкент шаҳридаги “Хотира майдони”га ташриф буюриб, аждодларимизни зиёрат қилганимда, шу ерда Ватан учун, шу эл учун жон берган бобомнинг ҳам номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб турганлиги – кўнглимга доимо фахр ва ифтихор туйғусини бахшида этади.

Фикримиз сўнгида алоҳида таъкидлаймизки, инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин – Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 76 йил тўлган бўлса-да, афсуски, ер юзининг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизга яқин ҳудудларда қарама-қаршилик, қонли тўқнашувлар давом этмоқда.

 Шундай экан, бугунги ёшларимизга аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, илму-маърифатни пухта эгаллаб, юртимизни турли хил ёт ғоялардан асраб, янада обод қилишлик бахти насиб этсин!

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Қувондиқ Қодиров,

Ажиниёз номидаги Нукус ДПИ

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.