Чимбойлик ўқитувчи Абдулхақнинг Севастопль ҳимоясидаги жасорати


1917 йилнинг 18 январь куни туғилган, элимизнинг яна бир ардоқли фарзанди Абдулҳақ Сағит ўғли Умеркин уруш бошлангунга қадар Чимбой педагогика мактабида ўқитувчи бўлиб, ёшларга таълим-тарбия берган эди.

У 1941 йилнинг июнь ойида биринчилар қаторида уруш майдонига қараб отланган.

У Орқа-Кавказ фронтидаги Приморский армиясининг 172-ўқчилар дивизиясида, 134-артиллерия полкида батарея командири бўлиб жангларга қатнашди.Айниқса, кичик лейтенант Абдулҳақ Умеркин 1942 йилнинг май ойида қаҳрамон шаҳар ҳисобланган Севастополь шаҳрини душманлардан ҳимоялашда ўзига хос жасорат кўрсатди. Аниқроқ айтганда, у ўзи бошлиқ артиллерия батареяси билан Камишли қишлоғидаги ўқ отиш учун қулай бўлган жойни эгаллаб, душман томонидан ўзларига қарши қаратилган ҳужумни уч маротаба қайтаришга муваффақ бўлди. Аммо, сон жиҳатдан кўп бўлган фашистлар уларни қуршаб олган эди. Шунга қарамасдан, Умеркин бошқарган жасур тўпчилар душманнинг кўп минглаган аскарлари ва техникаларини йўқ қилиб, қуршовни ёриб чиқишга муяссар бўлди. Бироқ, бу қонли кураш давомида бизнинг юртдошимиз Абдулхақ Умеркин оғир жароҳат олиб, Гитлер армияси аскарлари қўлига асирликка тушади.

Лекин, асирликдаги оғир қийноқларга қарамасдан, ўзининг Ватан олдидаги ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, бу қийинчиликларни енгиб ўтишга муяссар бўлди.

Унинг Ватан олдидаги бу жасорати инобатга олиниб, у «Совет Иттифоқи Қаҳрамони», орден ва «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланади.

Урушдан сўнг лейтенант Абдулҳақ Сағит ўғли Умеркин Қозон шаҳрида яшаб, 40 йилдан ортиқ вақт давомида 116-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди ва Татаристон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи унвонини олишга муваффақ бўлади. У 1982 йилда вафот этади.