Нукусдаги И.Савицкий музейи – «саҳродаги лувр»


Ҳар йили 18 майда Халқаро музейлар куни кенг нишонланади. Музейларга ташриф буюриб, у ердаги нодир асору-атиқалар билан танишишни яхши кўрадиганлар учун ҳам бу байрам қадрлидир.

Халқаро Музейлар куни (International Museum Day)  1977 йилда Халқаро Музейлар Кенгашининг (International Council of Museums, ICOM)  навбатдаги ­йиғилишида  Россия ташкилотининг ана шу маданий байрамни таъсис этиш тўғрисидаги таклифига кўра  тасдиқланган эди. 1978 йилдан бошлаб Халқаро Музейлар куни 150 дан ортиқ мамлакатларда нишонлана бошлади.

Музейлар орқали жамият ўзининг тарихий-маданий меросга бўлган муносабатини ифодалайди. Моддий ва маънавий маданият ёдгорликларини йиғиб ва сақлаб, музейлар катта илмий-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишни олиб боришади.

Музейлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Ҳозирги замон музейлари маданий-тарихий ва табиий илмий қадриятларни мушоҳада қилишга мўлжалланган ижтимоий ахборот институтини ўзида намоён этади. Улар музей ашёларини ахборот воситасида муҳофаза қилиш, тўплаш ва тарқатиш, жамиятнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қиладиган, ихтисослаштирилган маданий-маърифий муассасалар ҳисобланади. Музейлар нафақат табиат ҳамда жамиятнинг ноёб ва хилма-хил ашёлари хазинаси, балки муҳим илмий, маърифий-тарбиявий марказлари ҳамдир.

Ўзбекистон ўз фуқаролари, хусусан ёшларнинг ўтмиш тарихининг ижобий воқеалари бўйича билимларини кўпайтириш, уларда ватанпарварлик, она Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтиришга катта аҳамият бермоқда. Сўнгги йилларда республикамиз пойтахти, вилоят ва туман марказларида тарихий йўналишдаги қатор янги музейлар ташкил этилди, эскилари таъмирланди, экспозициялари тубдан янгиланиб, бойитилди. Замонавий музейлар мазмуни, асрлар давомида ижтимоий ахборотни тўплаш ва муҳофаза қилиш, музей ашёлари воситасида билим, анъана, тасаввур ва ҳиссиётларни ўзлаштириш ва янги авлодга узатиш муаммолари эътиборни ўзига жалб этмоқда. Музейлардаги илмий тадқиқотлар натижалари коллекция, экспозицияларни консервациялаш, таъмирлаш, сақлаш, муҳофаза қилиш, ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш, шунингдек, музей фаолиятининг бошқа турлари даражасини аниқлайди.

Республика тарихий музейларида сақланаётган энг бой жамғарма тўпламлари: археология, этнография, нумизматика, моддий ва маънавий маданият тарихи, ҳарбий тарих, геральдика, эпиграфика каби фанлардаги тадқиқотлар учун улкан манба ҳисобланади. Зеро, тарихий музейлардаги илмий тадқиқот фаолияти бадиий ва ахлоқий қийматга эга янги тарихий маълумотлар олиш манбаи сифатида музей ашёларини ўрганиш йўли билан амалга оширилади. Музейларнинг яна бир муҳим жиҳати, уларнинг йирик тарихий шахслар ёки воқеа-ҳодисаларни ўрганиш учун барча маълумотлар мавжуд бўлган ягона ёки асосий марказ эканлигидир. Уларни ўрганиш улкан илмий ва ғоявий-тарбиявий аҳамият касб этади. Музей материалларини монография, илмий асарлар тарзида ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш халқимизнинг тарихга бўлган қизиқишларини орттириш, уларда фахр ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялашда ёрдам беради.

Бизнингча, музейлардаги ишга олий ўқув юртлари талабаларини (бўлажак музейшунослар, тарихчилар, археологлар, санъатшунослар, табиатшунослар ва б.) фаол ўлкашуносларни жалб қилиш вақти келди. Ёшларни музей ишига, тарихий-маданий меросимизни сақлашга, авайлаб асрашга қизиқтирсак, ҳар томонлама баркамол шахсларни камол топтиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида деярли бир киши – рассом Игорь Витальевич Савийкий томонидан ташкил қилинган ажойиб музей бор. У санъатшунослик ва музей иши тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга. 2020 йил 4 август куни И.В.Савицкийнинг 105 йиллиги нишонланди. 1966 йил баҳорида И.Савицкий М.Нурмуҳамедовнинг кўмаги билан Нукусда санъат музейи ташкил қилди. Қорақалпоқларнинг халқ санъатини, 1920-30 йиллардаги рус авангарди рассомларининг асарларини сақлаб қолиш ниятида И.Савицкий бир қатор самарали ишларни амалга оширди. У ўз ҳисобидан қорақалпоқларнинг амалий санъат намуналарини, картиналарни сотиб оларди. 

Нукусдаги музейга дастлаб И.Савицкий, кейин М.Нурмухамедовнинг қизи М.Бабаназарова директорлик қилишди. М.Бабаназарова 1983 йилдан бошлаб илмий котиб, бош сақловчи, сўнгра эса директор сифатида ўзининг 31 йиллик умрини музейга бағишлади. Бугунги кунга келиб бу музей жаҳонда тан олинган, “Саҳродаги Лувр” номи билан машҳур бўлди.

И.Савицкий қорақалпоқларнинг амалий санъати намуналарини сақлаб, халқ миллий ҳунармандчилигини тиклашни орзу қилган эди: “Қумлар ва Амударёнинг ирмоқлари орасида ғойиб бўлган кичик халқнинг ажойиб санъати, ҳайратда қолдирадиган ҳунармандчилик маҳорати, бенуқсон дид, нақшлар ва рангларни тақсимлашда ажойиб вазни бор экан”, — деган эди у. Унинг бу орзулари рўёбга чиқди.

Қорақалпоқларнинг 5 та ҳунари – каштачилик, гиламчилик, ўтов ишлаб чиқариш, мусиқа асбобларини тайёрлаш ва ёғоч ўймакорлигини тиклаш бўйича лойиҳанинг бош координатори сифатида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб бундай ишларни амалга оширди. 

Турли йилларда ЮНЕСКО, Ҳамкорлик бўйича Швейцария Бюроси ва Ўзбекистондаги Британия Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда М.Бабаназарова “­илдираклардаги музей”, “Ёш санъатшунос” каби таълимий лойиҳаларни ишлаб чиқди ва амалга оширди. Музей ходимлари аҳоли ва айниқса ёшлар орасида маърузалар ўқишади, кўргазмалар билан таништирадилар, миллий маданият ва музейдаги коллекция ҳақида сўзлаб берадилар. Турли мамлакатларда семинарлар, форумлар, конгрессларда қорақалпоқларнинг маданияти ҳақидаги маърузалар билан иштирок этишади. Швеция, Австрия, АҚШ, Италия ва бошқа мамлакатларда кўргазмалар ташкил этишди.

И.Савицкийнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан Россиянинг “Россия 1” каналидаги “Вести” дастурида 2015 йил март ойида “Саҳродаги Лувр” репортажи намойиш қилинди. Бу воқеа Нукусдаги музей шуҳратини оширди. Ўзбекистондаги Франция элчиси Франсуа Готье: “Нукусдаги музейни Францияда билишади ва яхши кўришади. Музейга Париждан ҳам туристлар ташриф буюрадиган замонлар келди”, — деган эди.  2010 ва 2015 йилларда И.Савицкий номидаги музей Ўзбекистондаги энг яхши музей деб тан олинди. Бугунги кунда музейда Қорақалпоғистоннинг миллий рассомчилик мактаби вакиллари ҳамда ХХ асрда Ўрта Осиёда ишлаган қатор рассомлар асарлари тўпланган. Совет авангард рассомлик санъати ва графика намоёндаларининг асарлари билан ҳам танишиш мумкин. И.Савицкий музейни авангард хазинасига айлантириб, ўзидан кейин 44 мингдан зиёд асарларни қолдирган бўлса, ҳозирги кунга келиб санъат асарларидан ташқари қадимги Хоразм уй-рўзғор буюмлари, қорақалпоқларнинг амалий санъат намуналари билан биргаликда 90 мингдан кўпроқ экспонатлар намойиш этилмоқда.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, А.Шабанованинг ёзганидек, музейларнинг асосий мақсади маданий қадриятларга етишишни таъминлаш ва ташкиллаштириш, аҳолида юксак бадиий-эстетик дидни шакллантириш, жамоатчилик орасида музейларга талабни ва ижтимоий аҳамиятини юксалтириш орқали, аҳолининг бадиий-эстетик эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Демак, бугунги кунда музейлар фақат илмий ва таълимий марказларгина бўлиб қолмасдан, шу билан бирга  дам олиш маскани, бўш вақтни фойдали ва мароқли ўтказадиган жой ҳам ҳисобланади.

Сўнгги пайтларда Интернет, компьютер ўйинлари, телевидениенинг кенг тарқалгани боис, замонавий музейлар ўзларининг ташриф буюрувчилари учун рақобатчилик курашини олиб бормоқда.  Доимий ташриф буюрувчиларга эга бўлиш учун музейлар маданий-таълимий фаолиятнинг янгича шакл ва усулларини ишлаб чиқиб, уларни амалда қўллашга интилишлари керак. Жумладан, интерфаол экскурсиялар, музей байрамлари, музей тунлари ва бош­қа тадбирлар мунтазам равишда уюштирилиб, телевидение орқали кенг тарғиб қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Гулшод Авалова,

Тошкент молия институти доценти.