Ўзбекистонда умумэътироф этилган халқаро тамойилларга мос самарали, демократик сайлов тизими яратилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «Янги Ўзбекистон — янги сайловлар»  шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун    зарур бўлган янги сиёсий   муҳит вужудга келганлиги таъкидланган эди.

Ҳақиқатдан ҳам, 2019 йил 25 июлда мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тарихий воқеа — биринчи бор Ўзбекис­тон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов кодекси тарқоқ ҳолда ҳаракат этиб келган 6 та қонунни ўзида мужассам этди.

Яъни қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб ягона Сайлов қодекси ишлаб чиқилди. Бу орқали мамлакатимизда сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро нормалар ва принципларга мос самарали қонунчилик шаклланди ва демократик сайлов тизими яратилди.

Қайд этиш керак, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш орқали қонунчилигимизни такомиллаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис 2021 йил 8 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туман, шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойига ўтказилди.

Маълумки, сайловлардан кейинги давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши билан боғлиқ сиёсий тадбирлар янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечикишига сабаб бўларди.

Шунингдек,  қатор хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига тўғри келиши сабабли жаҳон миқёсида обрўга эга бўлган халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда муайян қийинчиликларни вужудга келтирарди.

Бундан ташқари  декабрь ойи қиш фасли бўлганлиги сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унга сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар юзага келарди.

Шу ўринда бир муҳим масалани таъкидлаш лозимки, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, қонуннинг айрим моддалари янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Яъни 8-моддасида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланиши ва сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилиши белгиланди.

Қонунда сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан ташвиқот олиб боришга, номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга, шунингдек, сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу қонуннинг янги таҳрирдаги 16-моддасида  сиёсий партия ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига ҳисобот даврида олинган ҳамда сарфланган молиявий ва бошқа маблағлар тўғрисида молиявий ҳисобот тақдим этиши шартлиги белгиланди. Шу билан бирга,  сиёсий партия сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ўзига ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунида оралиқ ҳисоботни, сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин эса якуний ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўрсатилди.

Шунингдек, қонуннинг 18-моддаси «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади» деган жумла билан тўлдирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига 30 яқин ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Сайлов кодекси янги  271, 561 ва1021 моддалар билан тўлдирилди.

Сайлов кодекснинг 271-моддасида (Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилиши, тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши, участка сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги, сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этиши ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этиши белгиланди.

Сайлов кодекснинг «561-моддасида (Сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш) хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг дипломатик ваколатхоналар консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, сайловда иштирок этиш ва уни ўтказишнинг  ҳуқуқий асослари яратилди.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилиши ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этиши, сайловчиларнинг участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилиши, овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очиши, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлаштириши, қопни сурғучлаши ва бу ҳақда далолатнома тузиши, кейинчалик қопнинг сайлов участкасига олиб борилиши ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланиши белгиланди.

Сайлов кодекснинг «1021-моддасида(Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг транспортдан фойдаланиш ҳуқуқи) Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси аэропортлар ва аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегацияларга хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги, темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезд вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой бериши шартлиги , Марказий сайлов комиссиясининг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса камида бир сутка олдин берилиши кўрсатилди.

Самарасиз фаолият юритиш ва давлат бюджетидан ортиқча маблағ сарф этилишининг олдини олиш мақсадида, эндиликда Халқ депутатлари туман, шаҳар  Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди, яъни ушбу округ сайлов комиссиялари тугатилиб уларнинг ваколатлари туман, шаҳар сайлов комиссияларига берилди. Иш ҳажмининг кўплиги ҳисобга олиниб, вилоят, туман сайлов комиссиялари аъзолари аввалги  7-15 нафар эмас, балки 11-21 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Қайд этиш керак, участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгиланиб, лекин имкониятларни инобатга олиб  бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно эканлиги кўрсатилди.

Кўзи ожиз сайловчиларга сайлов бюллетенларини брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлиги белгиланди.

Манфаатдор ташкилотларга янада қулайликлар яратилиб, кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида авалги 15 кун  эмас, балки 10 кун олдин ариза билан маълум қилади. Шу билан бирга қонунга кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши кераклиги нормаси киритилди.

Қайд этиш керак, қонунда айрим тоифадаги хизматчиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланди. Булар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари,  Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчилари. Шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида      округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйилади. Бу билан сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олди олинади.

Маълумки, 2021 йил 8 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун  халқаро ва миллий экспертларнинг тавсияларига кўра ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, Сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 205-сонли қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларида сайловолди тарғиботини ўтказиш учун  ҳокимликлардан рухсатнома олиниши лозимлиги белгиланган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) сайловлар бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган.

Ушбу миссия сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни фақат суд кўриб чиқишини белгилашни тавсия қилган.

Амалдаги қонунчиликка биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда 6-8 нафар аъзодан иборат округ сайлов комиссиясида мингга яқин участка сайлов комиссиялари тузилади.  Иш ҳажмининг кўпайиши эса участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиришда қийинчиликлар туғдиради.

Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун муҳокама қилиниб маъқулланди. Унга кўра юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи тизимдаги сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш бўйича норма чиқариб ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 11-18 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгиланди.

Сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди.

Сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлиги белгиланди.

Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги  айрим ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб, миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга  хизмат қилади.

Ботир Матмуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.