ҚИЗ БОЛА ПАЛАХМОН ТОШИ ЭМАС…


у, аввало, фарзанд, аёл ва бўлажак она эканлигини унутмайлик!

Назокатнинг болалиги анча оғир кечди. У тўртинчи синфда ўқиётган кезларидаёқ онаси билан далага чиқиб, катталар қатори чопиқ қилиш, ғўзаларни чопиш, пахта териш каби  юмушлар билан шуғулланди. Кейинчалик тўрт-беш бош сигирни соғадиган, сутдан қатиқ ивитадиган ва уни дўконга олиб чиқиб сотадиган бўлди. Қисқаси, жисмоний меҳнат  норасидалигиданоқ унинг доимий ҳамроҳига айланди. Мактабни битирган йили эса Шокир исмли йигитга турмушга узатилди. Аммо келин бўлиб тушган хонадонидан меҳр топмади, қадр кўрмади. Боиси куёв оилада ёлғиз ўғил эди. Болалигида яхши тарбия кўрмаганидан ёки эркатой бўлиб ўсганиданми, ўз билганидан қолмайдиган, ичкиликка ружу қўйган жаҳли тез эди. Эрининг зуғумлари кучайгач, Назокат ўзи туғилиб ўсган уйга йиғлаб борди. – Онажон, – деди зор-зор қақшаб, – куёвингиз маст бўлса, ўзини бошқаролмай қолади. Мени эса аёвсиз калтаклайди… Бас, етар, энди у билан бирга яшамайман. – Йўқ, ундай қилма, қизим, – деди онаси ётиғи билан тушунтириб. – Оилавий ҳаётда катта-кичик жанжаллар, ҳар хил можаролар бўлиб туради. Эр-хотин уларга чидаши, сабр­-тоқатли бўлиши керак. Акс ҳолда оқибати яхшилик билан тугамайди. Масалан, сен ажрашсанг, оиламиз шаънига иснод келтирасан. Даданг, сингилларинг ва мен элда шарманда бўлиб, одамлар олдида бош кўтариб юролмай қоламиз… Начора Назокат ота-онаси ва жигаргўшалари юзини ерга қаратишдан ҳайиқди. Оилавий ҳаётни ҳамма нарсага чидаш, деб тушунди. Вақти соати етиб, эрим инсоф­га келиб қолар, ҳаммаси изига тушиб кетар, дея умид қилди. Кетма-кет уч фарзанд кўрганида, бунга ишончи янада ортди.Аммо… Эри уни ҳақоратлаш ва калтаклашда давом этаверди. Боз устига онаси Зумрад опа ҳам унинг тарафини олиб, келинини айблайдиган одат чиқарди. Бир оқшом Шокир уйга яна маст ҳолда келди-ю ҳе йўқ-бе йўқ, жанжал чиқариб, хотинини сўка бошлади. Охирида газ плита устида турган сув тўла чойнак билан унинг бошига урди. Назокат кучли зарбага дош беролмади, хушини йўқотиб, ерга узала тушди. Шовқин-сурондан уйғониб кетган 15 яшар тўнғич ўғли Шуҳрат югуриб ошхонага кирди. Онаси ерда ётганини кўриб, дадасидан сўради: – Дада, онамга нима бўлди? – Ҳеч нима. Бор йўқол, хонанг­га кир! –  ўдағайлади Шокир. У шундай дея Назокатни  суд­раб, молхонага элтиб ташлади. Аросатда қолган ўғил то отаси ухлагунча жойидан жилмади. Кейин онаси олдига бориб, юзидаги қонларни артди, сочларини тузатди. Ўзига келгач, уни амаллаб уйга олиб кирди… Калтакдан кўзлари кўкариб, аъзойи бадани маматалоқ бўлиб кетган Назокат эртаси куни гўёки ҳеч нарса бўлмагандек яна рўзғор ишларини бажаришга киришди. Орадан кўп ўтмай, тағин эски ҳолат такрорланди. Совуқ тунда “меҳмондорчилик”дан сархуш бўлиб қайтган Шокир Назокатни роса дўппослади. Буям етмагандай, уни ва болаларини уйдан ҳайдаб чиқарди. Назокат жажжи қизалоғини кўтариб, икки ўғлини етаклаб отасиникига жўнади. Йўлда бораркан, онаси барибир қайтариб юборишини ўйлаб, укасининг уйи томон бурилди. Унинг дарвозасини тақиллатди-ю, ерга йиқилди. Эртаси онаси ва синглиси уни йўқлаб келишди. “Дўхтирга оборайлик!” дейишганди, кўнмади. Аслида унинг  танаси эмас, қалби оғрир эди. Синг­лиси билан гаплашаётганида йиғлаб шундай деди: – Сен эрга тегишга асло шошилма. Аввало илм ол, касб-ҳунар эгаси бўл. Оила қуришдан олдин эса, бўлажак умр йўлдошингнинг кимлигини, қанақа оиладан ва қандай инсон эканлигини обдон сўраб-суриштир. Шунда мен йўлиққан балолар сенинг бошингга тушмайди. Худди шу пайт хонага кириб, қизининг ўкинчли гапларини бехосдан эшитиб қолган Салима опа, алланечук маъюс тортиб, чуқур хўрсинди. Кейин оҳиста пичирлаб деди: – Бахтсизлигингга сабабчи бўлган ношуд онангни гуноҳидан ўт, қизим… Кўп ўтмай мадорга кирган Назокат яна уйига қайтди. Бироқ қайнонаси уни кўриши биланоқ “Нега келдинг? Ҳайдаганда ит ҳам кетади-ку!” дея бақира бош­лади. Шокир эса, истеҳзоли кулиб, “Бу тасқара ҳеч кимга керак бўлмагани учун қайтиб келган-да, ойи”, деди. Жаҳл келганда ақл кетади деганлари рост экан. Узлуксиз тана-маъломатлар, ҳақорат ва камситишлар жон-жонидан ўтиб кетган Назокат ниҳоятда қалтис йўлни танлади. Ҳовли бурчагидаги тандирхонага кирди-да, бир қути дориларни оғзига солиб, ортидан сирка ичди. Зум ўтмай, юраги ёниб нафас олиши қийинлашди, алқисса, бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, ерга қулади… У бир ҳафтадан кейин шифохонада ўзига келди. Аммо энди аввалги Назокат эмасди – кўзларида ҳаётга ишонч қолмаган, боқишлари маҳзун, юзлари тунд эди, вужуди чалажон бўлиб қолганди. Тунов куни у онасининг тиззасига бош қўйиб ухлаб қолди. Бу уйқуда оғриқ ҳам, қўрқув ҳам  йўқ, фақат ҳузур бор эди. Бизнингча, Назокатнинг кўргуликлари фақат бир аёлнинг эмас, орамиздаги кўплаб аёллар тақдирига боғлиқ дарддир.Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ! Фотима АБДУРАИМОВА.