Алишер Навоий XV аср ўзбек адабиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берган, Шарқ туркий шеъриятининг буюк намояндаси сифатида бутун туркий халқлар адабий тафаккурига кучли таъсир кўрсатган даҳо шоирдир. Унинг ижодий мероси “Хитодин то Хуросон”гача бўлган кенг ҳудудда яшовчи туркий халқлар орасида машҳур бўлиб, адабий алоқалар ва ўзаро таъсир жараёнида муҳим ўрин эгаллаган.
Мумтоз туркий шеъриятининг жанр ва шакллари, мавзу ва образлар такомилини Алишер Навоий ижодисиз тасаввур этиб бўлмайди. Навоий асарлари фақат бадиий шакл жиҳатидан эмас, балки ўқувчи ва ижодкорнинг маънавий дунёсини бойитиш, эстетик дидини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Навоий асарлари қорақалпоқ халқи орасида дастлаб қўлёзма шаклида тарқалиб, мактаб ва мадрасаларда ўқитилган. Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ўтеш шоир, Умар, Аяпберган Мусаевлардан тортиб Аббаз Дабилов, Содиқ Нуримбетов, Ибрайим Юсуповгача бўлган кўплаб сўз заргарлари Навоий ижодидан илҳомланиб, унинг анъаналари асосида асарлар яратган ҳамда таржималар қилган.
XIX аср қорақалпоқ адабиётида ғазал, мухаммас каби жанрлар ва аруз вазнининг кенг қўлланила бошлаши Ажиниёз Қўсибой ўғли номи билан чамбарчас боғлиқ. Шоир Навоий ижодидаги айрим мавзу ва ғояларни ўз даври руҳига мос ҳолда қайта талқин этиб, ўзига хос поэтик шаклларда ифода этган.
Қорақалпоқ адабиётшунослигида Навоий асарларини илмий ўрганиш ХХ асрнинг 30 йилларидан бошланган. “Қизил Қарақалпақстан” газетаси саҳифаларида Навоий ижодига бағишланган мақолалар чоп этилган. “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонлар таржима қилиниб, алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Шоир таваллудининг 500, 525 йиллик юбилейлари Қорақалпоғистонда кенг нишонланган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда ҳам Навоий анъаналари қорақалпоқ шеъриятида давом эттирилди. Ибрайим Юсупов, Даулен Айтмуратов, Абилқосим Ўтепбергенов каби ижодкорлар Навоий ғазалларини таржима қилдилар.
Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан “Уллы Навайы”, “Сыйлық”, 1968 йили шоир таваллудининг 525 йиллигида “Алишер Навайи” китоблари чоп қилинди. Шунингдек Н.М.Маллайевнинг “Гениал шоир ва мутафаккир” китоби қорақалпоқ тилига таржима қилинди. Мутафаккир шоир Алишер Навоий ижоди анъаналарининг қорақалпоқ адабиётига таъсири масаласини ёритишда филология фанлари доктори, профессор Камал Мамбетовнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур. Адабиётшунос олим Камал Мамбетовнинг 1968 йили ҳимоя қилган “Қарақалпақ адебиятинда Шиғис классиклери дастурлери” (Қорақалпоғистонда тарқалган форс ва туркий қўлёзмалар асосида) номзодлик диссертацияси-адабий алоқалар ва таъсирлар масаласи ёритилган салмоқли илмий иш бўлди. Олимнинг “Навайи ҳам қарақалпақ адебияти” китоби мутафаккир ва донишманд шоир Алишер Навоий асарларининг қорақалпоқ шоирлари ижодига таъсири, қорақалпоқ адабиётида тутган ўрни, адабий анъаналар ҳақидаги дастлабки қадамдир.
Шунингдек, адабиётшунос олим Қурбанбай Жаримбетовнинг “ХIХ әсир қарақалпақ лирикасының жанрлық қәсийетлери ҳәм раўажланыў тарийхы” монографиясида Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Ўтеш, Гулмурат, Сарибай ва бошқа мумтоз қорақалпоқ шеърияти сиймолари ижодида халқ оғзаки ижоди, туркий ва форсий тиллардаги адабий анъаналарнинг таъсири масаласи батафсил илмий-назарий ёритиб берилган. Қорақалпоқ мумтоз шеъриятида ғазал, муҳаммас жанрлари, аруз вазни имкониятларидан фойдаланишда Алишер Навоий, Атоий, Машраб каби ўзбек мумтоз шоирлар ижод анъаналарининг таъсири ҳақида хулосалар қилинган.
Алишер Навоий ижодининг қорақалпоқ адабиётига таъсири масаласи адабиётшунос олимлар томонидан ҳам кенг тадқиқ этилган. Камал Мамбетов, Қурбанбай Жаримбетов, Каримбой Қурамбоев ва бошқа олимларнинг илмий асарларида Навоий ижодининг қорақалпоқ мумтоз адабиёти тараққиётидаги ўрни атрофлича таҳлил қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек–қорақалпоқ адабий алоқалари доирасида Навоий асарларининг таржимаси, унинг ижодий анъаналарининг қорақалпоқ адабиётида давом этиши ҳамда навоийшуносликнинг мустақил илмий йўналиш сифатида шакллангани яққол кўзга ташланади. Бу жараён бугунги кунда ҳам туркий халқлар адабиёти учун долзарб ва муҳим илмий мавзу бўлиб қолмоқда.
Муборак Атаниязова,
Қорақалпоқ давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.



