ҚАДОҚ ҚЎЛЛАРДАН ЯРАЛГАН МЎЪЖИЗА


Тўрткўл заминида меҳнатни ҳаёт мазмунига айлантирган, ернинг ҳар қаричини жон деб билувчи аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Ана шундай фидойилардан бири Уллибоғ овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Норгул Абдуллаевадир.

Бугун у 73 ёшни қарши олаётган бўлса-да, қалбидаги меҳнатга муҳаббат, ерга бўлган меҳр ҳали–ҳануз ёш.

Болалигидан деҳқончиликка ошно бўлган Норгул она келин бўлиб тушган хонадонида ҳам ер билан “тиллашиш”ни давом эттирди. Мўъжазгина томорқасида гул парваришлаб, лимон ўстирди. У қайси ишда бўлмасин ердан узоқлашмади.

1970 йилда турмуш ўртоғи, марҳум Рўзимбой ака билан оила қурган Норгул она  умр бўйи деҳқончиликка садоқатли бўлди. 2018 йилга келиб, унда катта орзу – боғ яратиш фикри пайдо бўлди. Ер ажратиш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилгач, иш кўзини билган онахон дарров ҳаракатга тушди. Давлатдан 120 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона ва боғ ташкил этди. Ҳатто жамғариб қўйган 500 минг сўмни ҳам аямай шу ишга сарфлади.

Бугун эса 25 гектар ер майдонининг 10 гектарида иссиқхона, 15 гектарида боғ барпо этилган.Иссиқхонада 600 дан ортиқ турдаги гуллар павариш қилинади. Боғда эса нок, олма, ўрик, ёнғоқ, олхўри сингари мевали дарахтлар барқ уряпти.

– Гулчилик нозик ва билим талаб қилувчи соҳа. Ҳар бир гулнинг ўз хусусиятлари бор ва улар ўсиш шароитидан келиб чиқиб суғорилади, – дейди Норгул она. – Катта тувакдаги гуллар камроқ суғорилса, жумладан, Аёл бахти (Спатифиллум) гулини тупроқ орқали суғориш керак.Чунки у намликни хуш кўради. Балзамин эса ёруғликни яхши кўради, бироқ бевосита қуёш нуридан ҳимоя қилиш лозим. Азалия, алоэ вера, кактус, геран, бегония, хитой атиргули сингари гуллар кишига завқ беради. Бундан ташқари, хона гулларини баҳор ва ёзда кечқурун суғорган маъқул. Ҳар ишнинг ўз қийинчилиги бўлгани боис буниям ўзига яраша машаққати бор. 2021-2022 йил биз учун жуда оғир кечди, – дея сўзини давом эттирди онахон куюнчаклик билан. Совуқ боғу иссиқхонани уриб, ҳосилларни нобуд қилди. Аммо мен таслим бўлмадим парваришни янада оширдим.Шукрки, меҳнатларим мевасини берди. Оиламиз бут, рўзғоримизда барака бор. Тўкинлик– меҳнат ортидан келаётир.

Дарҳақиқат, меҳнатнинг самараси ҳам салмоқли: йиллик даромад анчани ташкил қилади. Лимоннинг ўзиёқ 30 тупга эга бўлиб, ҳар бири 150-100 килограмгача ҳосил беради. Гуллар бозорда 5 минг сўмдан 500 минг сўмгача баҳоланади. “Бир  тонна кўмир олсак, иссиқхона меъёрда бўлиб, бемалол қишдан чиқади”, – дейди онахон мамнуният билан.

Ҳар қарич ердан ҳосил олишни  одат қилган Норгул она 2020 йилда “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бугун унинг қўллари яратган мўъжиза қиш фаслида ҳам ёзнинг қайноқ тароватини улашмоқда. Ер билан тиллашган онахон учун эса меҳнат – энг катта бахт.

Ф.АБДУРАИМОВА.