БОБУР — ТАРИХ ВА АДАБИЁТНИ БИРЛАШТИРГАН ШАХС


Заҳириддин Муҳаммад Бобур — нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган буюк шахсдир. У Соҳибқирон Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайх Мирзонинг тўнғич ўғли эди. Бобур 1483 йил 14 февралда Андижон шаҳрида дунёга келди. Ёшлигиданоқ тақдир уни катта синовлар қаршисида қолдирди: у бор-йўғи ўн икки ёшида Фарғона тахтига ўтирди. Кейинчалик эса бобоси Темур каби йирик марказлашган давлат — Бобурийлар салтанатига асос солиб, тарих саҳифаларида ўз номини абадий муҳрлади. Бироқ Бобурни фақат саркарда ёки давлат асосчиси сифатидагина баҳолаш етарли эмас. У айни пайт­да нозик қалбли шоир, чуқур тафаккурли олим ва заковатли мутафаккир эди. Шоирнинг тўрт юздан ортиқ лирик асарлари “Қобул девони” ва “Ҳинд девони” таркибидан ўрин олган. Бу асарлар орқали унинг руҳий олами, ҳаётга муносабати ва қалб кечинмалари намоён бўлади. Бобур шеъриятининг марказий мавзуси — ишқ. Аммо бу ишқ фақат маъшуқага бўлган муҳаббат эмас, балки ҳаёт­га, ватанга, инсонга, эзгуликка бўлган муҳаббатдир. Унинг ғазалларида висол орзуси, ҳижрон алами, қалб изтироби ва умид нурлари уйғунлашиб кетади. Шарқ мумтоз адабиётида маъшуқа гўзаллиги гул, қуёш, ой, сарв, лаъл, гавҳар каби анъанавий ташбеҳлар орқали тасвирланиши маълум. Бобур ана шу анъанани давом эттирган ҳолда, унга ўзининг самимий ва ҳаётий руҳини қўшди. Бундан ташқари ғазал жанри Бобур ижодида мазмунан янада бойиди. Айниқса, “Топмадим”, “Яхшилиғ”, “Паришон рўзғорим бор”, “Қолдиму?” каби ғазалларида ижтимоий руҳ ва ҳасбу ҳол оҳанги кучли намоён бўлади. “Чархнинг мен кўрмаган жавр-у жафоси қолдиму? Хаста кўнглим чекмаган дард-у балоси қолдиму?” деган мис­ралар орқали шоирнинг ҳаёт машаққатларига тўла тақдири акс этади. Бироқ у ҳар қандай изтироб қаршисида ҳам инсонни яхшиликка чорлайди: “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ…” деган даъвати унинг маънавий юксаклигини кўрсатади. Бобур ижодининг салмоқли қисмини рубоийлар ташкил этади. У аруз илмига бағиш­ланган “Мухтасар” асарида ­рубоий вазни ва унинг латофати ҳақида фикр юритади. Бобурнинг буюк асарларидан бири — “Бобурнома” жаҳон мемуар адабиётининг дурдонасидир. Унда муаллиф ўз даври воқеаларини холис ва бадиий услубда баён этади. Асар нафақат тарихий манба, балки география, этнография ва маданият ҳақида қимматли маълумотлар берувчи қомусий ёдгорликдир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг охиригача шоир бўлиб яшади. Унинг ҳаёти курашлар, алам ва машаққатлар билан тўла бўлса-да, қалбидаги ижодий нур сўнмади. Шу боис Бобур нафақат буюк давлат арбоби, балки маънавият осмонининг ёрқин юлдузи сифатида ҳам қадрланади. Унинг асарлари инсонни комилликка, ­сабрга ва эзгуликка чорлаб, асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

Нодира АЛЛАМБЕРГЕНОВА,

Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси, Ўзбек адабиёти кафедраси доценти.