Гулистон МАТЁҚУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири
КЕЛДИНГМИ НАВРЎЗ
Уйғониш, яшариш ўрик боғида,
Нафосатга тўлмиш юртим йўллари.
Шамоллар шивирлаб бодом шохида,
Бир хабар айтмоқчи бўлар гуллари.
Хуш келибсан баҳор, дилларни тўлдир,
Тўлдир шўх кўзларни, табассумларни.
Жилвагар сеҳрингдан чарақласин нур,
Тўлдир янги тонглар, янги кунларни.
Янги йилимизга дебоча бўлиб,
Юртимни соғиниб келдингми Наврўз.
Ҳар уйга қувончу, шодиёна тўлиб,
Меҳрга айланди айтилган ҳар сўз.
Куч-қувватдир, хуштаъм тансиқ неъматинг,
Сумалаклар қайнар, тошар дошқозон.
Ҳар калом донолик, ҳар сўз ҳикматинг,
Дўст-биродарликдан яшарар инсон.
Наврўз, ҳур руҳингда меҳр улғаяр,
Одамлар тилаги тинчлик-омонлик.
Унитилиб кетар араз гиналар,
Қалбларни яшнатар меҳрибонлик.
Қадамлари қутлуғ эй гўзал айём,
Азиз Ватанимнинг бахт-саодати.
Интизорлик, меҳр, иззат, эҳтиром,
Сенга тортиқ бугун-эл муҳаббати.
Гуллар билан ўра қир-адирларни,
Инсонга омад бер, элга фаровонлик.
Шоирлар безасин шоҳ сатрларни,
Тўлсин ноз-неъматдан эл дастурхони.
Далага дон сочган деҳқон қувонсин,
Ният мақсадидан унсин ризқу-рўз.
Чечак, чучмомалар ҳам алвонлансин,
Гўзаллик, нафосат рамзи бўл Наврўз.
Ҳам қўҳна, ҳам янги навқирон байрам,
Бағрингда яшнасин ҳур иқболимиз.
Хуш келдинг, юртимга Наврўзи олам,
Сенла мангу турсин истиқлолимиз.
НАВРЎЗ РУҲИ
Салқин сабо майин елар,
Келди ҳур Наврўз элимга.
Деҳқонимнинг ҳар қадами,
Муборак бир из элимда.
Тўкин сочин дастурхонлар,
Ризқ-насиба туз элимда.
Озод, обод ҳаёти бор,
Тегмасин ҳеч кўз элимга.
Улуғ байрам қутлуғ байрам,
Наврўз олам салом сенга.
Гул баргида тоза шабнам,
Соғиниб етдик бу кунга.
Ҳар оила шоду-ҳуррам,
Байрам томоша ҳар кунда.
Ноз-неъматни кўринг баҳам,
Тупроғи тилло заминда.
Тўй кеча-кундуз элимда,
Наврўз ярашар элимга.
Ҳар янги тонг юрт — Наврўзи,
Наврўзимиз ҳар янги кун.
Қадриятлар халқ мероси,
Кекса авлод сизга таъзим.
Ёшлар келажак овози,
Ҳавас этар дунёи – дун.
Уфқларга етар парвози,
Мангу яша она замин.
Фидо жонимиз элимга,
Сўнмагай юлдуз элимда.
Наврўз сенинг йўлинг очиқ,
Ошиқ сенга дала қирлар.
Халқимнинг ҳам кўнгли очиқ,
Тарихингда минг-минг сирлар.
Янгилан минг йиллар ошиб,
Қадамингда майса гуллар.
Умр дарё каби тошиб,
Ҳеч сўнмасин жўшқин диллар.
Сен порлоқ юлдуз элимга,
Тилак ширин сўз элимда.
Хизр кўрган далаларим,
Наврўз билан диллашади.
Тупроғига уруғ тушиб,
Қуёш билан тиллашади.
Шамол, ёмғир, жалалари,
Деҳқон билан беллашади.
Қуёш ерга меҳрин тўкиб,
Бир-бирини қўллашади.
Ошар ризқу-рўз элимда,
Наврўз очиқ юз элимда.
Баҳор соғинч тўла юрак,
Муштаракдир унда олам.
Очилар сулув гул чечак,
Унда келажак намоён.
Ҳар лаҳзанг минг гўзал эртак,
Туғилади янги достон.
Орзу ният, яхши тилак,
Биз сенга жон ота макон.
Қизлар оҳу кўз элимда,
Баҳор ширин сўз элимга.
Сумалак, ҳалим тилло ранг,
Рангба-ранг тансиқ таомлар.
Шундай эркин юртга қаранг,
Ўйин, суҳбат, соз жаранглар.
Меҳр-муҳаббатли оҳанг,
Уйғонар юз минг оламлар.
Фақат эзгу ният тиланг,
Қувонинг, қувнанг одамлар!
Фидо жонимиз элимга,
Сўнмагай юлдуз элимда.
Авестодан маҳобати,
Наврўз савлат минг йилларга.
Ҳур Ватанга садоқати,
Меҳр муҳаббат дилларда.
Оталар доно ҳикмати,
Тоза забондир тилларга.
Истиқлоли-шон шавкати,
Улуғ ҳавасдир элларга.
Бахт абадий из элимга,
Мангу қол Наврўз элимда.
НАВРЎЗ САҲАРИ
Наврўз саҳарида зар кўшк устида,
Дунёни дунёга тутар кун келди.
Юлдузлар гулдаста ойнинг устида,
Нуристонга нур устига нур келди.
Қирқ қизлар қўлида қирқ от жилови,
Кўзларида жилва, қалбда олови.
Дубулға, қамчилар, безаб бедовин,
Қипчоқ даштларига қирқ баҳор келди.
Чилпиқ қалъа руҳлар қанотида бахт,
Амударё мунгли кўзга ёзиб хат,
Сатрлар сувларда мавжланиб хушвақт,
Гуллар гулга кўнглин очиб сир келди.
Кўнгил хаёлларга қанот бойлади,
Тонг отгунча ҳижрон ўйи қийнади.
Шомгача турналар уфқни бўйлади,
Турна қаторида ҳур умр келди.
Тоғларнинг бошига туман ярашиб,
Чечаклар қумларга ёмон ярашиб.
Юртим деган дилга замон ярашиб,
Озод қалбга фахр-ифтихор келди.
Майса тутаётир мушки-амбарин,
Шамол айтаётир бир хуш хабарин,
Қирқ ўримларида сулув дилбарнинг,
Қирқ армон, қирқ умид, қирқта зор келди.
«Ҳусним эрам боғи, бахт тахти равон,
Ошиқ аҳлин, кўнглин тўлдирган армон,
Бир ёнимда тоғу, бошимда осмон»,
Деб сулув келиннинг туши ўнг келди.
Узун бўйлари бор сарви-санобар,
Нигоҳида юлдуз ёнар мунаввар,
Бу не деган санам, не деган дилбар,
Аввал дилбар келди, баҳор сўнг келди.
Ушалмаган армон, кўнгил доғидир,
Сочлар сўлим-сўлим, гул бутоғидир,
Қизил гул япроғи ол ёноғидир,
Умр яратишга бир умр келди.
Наврўз субҳидами гуллаган ўрик,
Келин саломлардан елкалар эгик,
Кузда ўғил кўрса, ёқимтой эгиз,
Бешик тўйига деб, хуш хабар келди.
Нафис қўллар бешик устида толар,
Хонани тўлдирар мунис аллалар,
Кечаги сулувлар, бугун оналар,
Умрнинг давоми умрдан келди.



