Бугун қишлоқ хўжалигининг энг нозик, шу билан бирга энг баракали ва истиқболли йўналишларидан бири саналган асаларичилик соҳаси юртимизда жадал ривожланиб бормоқда. Бу соҳа нафақат табиат билан уйғунлик, балки катта меҳнат, чуқур билим, сабр-тоқат ва масъулиятни талаб этади.
Айниқса, экологик тоза маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётган бугунги кунда асаларичиликнинг аҳамияти янада ошмоқда. Ана шу жиҳатдан олиб қаралганда, Амударё тумани «Арна бўйи» маҳалласида шаклланаётган асаларичилик мактаби соҳадаги илғор тажриба ва анъаналарнинг ёрқин намунаси сифатида эътиборга моликдир.
Ушбу мактабнинг том маънодаги асосчиси, «Арна бўйи» маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор, тажрибали асаларичи Фарҳод Бекимбетовдир.
— Асаларичилик – шунчаки даромад манбаи эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган фаолият турларимиздан бири, — дейди “Фарҳод Қўчқорович асали” деҳқон хўжалиги раҳбари Фарҳод ака Бекимбетов. — Бу юмуш билан ўзим қарийб 20 йилдан буён мустақил равишда шуғулланиб келаман. Дастлабки йилларда кам сонли асалари оилалари билан иш бошладим. Кейинчалик, тажрибамни бойитиб, соҳани илмий ва амалий асосда ривожлантиришга киришдим.
Бундан 10 йил олдин деҳқон хўжалигини ташкил этиб, расмий тарзда фаолиятимизни йўлга қўйдик. Шундан сўнг асаларичиликка замонавий ёндашувларни татбиқ эта бошладик. Натижада бугунги кунда “Фарҳод Қўчқорович асали” деҳқон хўжалиги туманимизда ва Қорақалпоғистонда энг йирик ва нуфузли асаларичилик хўжаликларидан бирига айланди.
Айни пайтда Фарҳод Бекимбетов оила аъзолари ва шогирдлари билан биргаликда 550 та қути асалари оиласини парваришламоқда. Бу рақамлар ортида узлуксиз меҳнат, кундалик кузатув, ҳар бир асалари оиласининг ҳолатини пухта билиш ва табиат қонунларига мос ҳаракат қилиш ётади. Асаларичиликда кичик эътиборсизлик ҳам катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис Фарҳод ака бу соҳада интизом ва масъулиятни энг муҳим омил, деб ҳисоблайди.
Хўжаликда асалари парваришидан ташқари, асалари уялари — қути ва рамкалар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Бу эса нафақат хўжаликнинг иқтисодий салоҳиятини оширади, балки маҳаллий асаларичилар учун ҳам қулайлик яратади. Тайёр, сифатли уяларнинг мавжудлиги янги иш бошлаётган асаларичилар учун муҳим омил ҳисобланади.
Шунингдек, “Фарҳод Қўчқорович асали” деҳқон хўжалигида асаларичиликда қўлланиладиган дори-дармонлар, витаминлар ва парвариш воситалари савдоси ҳам ташкил этилган. Бу ташаббус орқали ҳудуддаги асаларичилар зарур воситаларни узоқ жойларга бормасдан, маҳалланинг ўзида топиш имконига эга бўлмоқдалар.
Лавҳамиз қаҳрамони асалариларни парваришлашда ҳудуд танлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади. У асалари оилаларининг асосий қисмини Қораўзак, Тахтакўпир ва Хўжайли туманлари ҳудудларида жойлаштиришни маъқул кўради. Бу ҳудудларда кунжут, беда, янтоқ ҳамда халқ тилида “бўян” деб аталувчи қизилмия каби нектарга бой ўсимликлар кенг тарқалган. Ана шундай табиий муҳитда етиштирилган асал ўзининг юқори сифати, табиийлиги ва шифобахш хусусиятлари билан алоҳида ажралиб туради.
Фарҳод Бекимбетов йилига икки маротаба асал ҳосилини йиғиб олади. Ҳар бир қутидан ўртача 10–15 килограммгача сифатли асал олинаётгани хўжалик фаолиятининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди. Бу эса нафақат ички бозор талабини қондириш, балки келгусида маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини ҳам очиб беради.
Асаларичилик фақат асал етиштириш билангина чекланиб қолмайди. Бу соҳа мум, прополис, гулчанг, асалари сути каби қимматли, шифобахш ва экспортбоп маҳсулотларни ўз ичига олган катта иқтисодий салоҳиятга эга йўналишдир. Шу боис «Арна бўйи» маҳалласини асаларичилик анъаналари ва тажрибаси шаклланган маскан, деб аташ мумкин.
Маҳаллада шаклланаётган асаларичилик мактаби эса нафақат аҳоли учун барқарор даромад манбаи, балки ёшлар учун амалий билим, меҳнатсеварлик, табиатга эҳтиром ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мактабига айланмоқда. Бу эса қишлоқ тараққиётига ҳисса қўшиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва дастурхонларимизни табиий маҳсулотлар билан тўлдириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ғ.Отажонов.



