Юртимизда баҳор нафаси кезмоқда. Эрта тонгдаги мусаффо ҳаво, намли ер ҳиди ва янгиланиш кайфияти инсон қалбига илиқлик бахш этади. Ана шундай файзли кунларда маҳаллаларда сумалак қайнайди, одамлар бир дастурхон атрофида жам бўлади.
Тўрткўл тумани Шўрохон маҳалла фуқаролар йиғинининг Зиёкор маҳалласида истиқомат қилувчи Ойшахон ҳам эзгу ният билан сумалак бошлади. Обдон ундирилган буғдой нишлари катта дошқозонга солиниб, олов бағрида қайнай бошлади. Кўп ўтмай ширин ҳид бутун қишлоққа тарқалди. Бу ҳид гўё барчани бир нуқтага чорлаётгандек эди.
Дарҳақиқат, қишлоқда бир уйда қозон қайнаса, қўни-қўшни бефарқ қолмайди. Кўп ўтмай овсинлар, янгалар, қуда-андалар дошқозон атрофига йиғилишди. Ёшлар ўтин қалашди, чой ташишди, даврага завқ қўшишди. Оддийгина бошланган сумалак гўё катта сайлга айланди.
Маҳалланинг кекса ва дуогўй онаси Раъно опа ҳам даврага келтирилди. Онахоннинг қўшилиши билан муҳит янада жонланди. Унинг ҳар бир сўзи ҳаёт сабоғи, ҳар бир хотираси ўтмиш ҳақида ҳикоя эди. Сўзлар қўшиққа уланди, ўланлар янгради, кулгулар ҳавога кўтарилди.
Айниқса, Муҳаббат опанинг ширали овози барчани мафтун этди. У тўйларда ёр-ёр айтиб, неча-неча қизларни гўшангага кузатган. Унга микрофон ҳам, овоз кучайтиргич ҳам шарт эмас – овози шундоқ ҳам етти маҳаллага етади. Қадриятларни мадҳ этган қўшиқлар даврани янада файзли қилди.
– Қандай дориломон кунларда яшаяпмиз, – деди Раъно она кўзларида шукроналик ёшлари билан. – Ота-боболаримиз оғир йилларни бошдан кечирган. Бир бурда нонга зор бўлган, эгни юпун, пилик ёруғида ўтирган даврлар ҳам бўлган. Бугун эса ҳар бир оилада камида битта фарзанд ўқияпти, изланяпти, ҳатто чет элларда таҳсил олмоқда. Бу неъматларни қадрлаш керак.
Ҳақиқатан ҳам, бу фикрларни Ойшахон мисолида яққол кўриш мумкин. У оддий ҳамшира. Ўттиз беш йилдан буён ҳамшира сифатида меҳнат қилиб, қишлоқ аҳлининг дардига малҳам бўлиб келмоқда. Келин бўлиб тушган йилларида қишлоқда на газ, на электр бор эди. Ўчоқда овқат пиширган, ариқдан сув ташиган, лой кечиб, қийин шароитларда ишлаган кунлари ҳали-ҳамон ёдида.
Бугун эса шароитлар ўзгарган. Фарзандлари ўз йўлини топган. Кенжа ўғли Лочинбек Нураддинов Самарқанд давлат тиббиёт университетида давлат гранти асосида таҳсил олмоқда. У онасига ҳавас қилиб шу касбни танлаган. Қизи Мунисахон ҳам Транспорт университетини грант асосида тамомлади. Оддий қишлоқ аёли учун бу улкан бахт.
– Онам: “Бизнинг оиладан ҳам шифокор чиқармикин?” – деб орзу қиларди, – дейди Ойшахон. – Энди бу орзу ушалмоқда.
Сумалакни меҳр билан ковлаётган Завра опанинг ниятлари ҳам улуғ. У ўғил-қизларини бекаму кўст вояга етказган. Айниқса, қизи Гулхуморнинг она касби – тикувчиликни танлаб, уни давом эттираётганидан кўнгли тўқ. Чунки онанинг касби қизида давом этмоқда.
Гарчи нафақада бўлса-да, 23-мактабда ўқитувчилик фаолиятини давом эттираётган Оқилжон Қўчқорова қизиқ ҳангомалари билан даврага ўзгача файз бағишлади. Ўқитувчиликнинг фазилати шундаки, давранинг ярми унинг шогирдлари эди. Бири кетса, бири келиб салом-алик қилиб кетарди. Ён қўшни саналган Гуландомнинг қўли ширинлигини маҳалла яхши билади. Шу боис тўй ёки маърака унинг иштирокисиз ўтмайди. Шу ерда ҳам у дошқозон қулоғини маҳкам тутган эди.
Қишлоқ одамларининг феъли шундай: бир хонадонда тўй ёки маросим бўлса, барча елка тутади. Бу миллий қадриятларимиз ва меҳр-оқибатимиз бардавомлигининг ёрқин белгисидир.
Биргина сумалак баҳонасида бутун маҳалланинг Ойшахон ва Давлатёр хонадонида йиғилиши ҳам ана шу аҳиллик, инсонийлик ва оқибат тимсолидир.
Сумалак қайнади, баҳор яқинлашди.
Фотима АБДУРАИМОВА.



