Уруш инсон тақдирига ўчмас муҳр босади. Орадан қанча йил ўтмасин, фронт хотиралари, қирғинбарот жанглар ва Ватан учун жонини фидо қилган инсонлар ҳақидаги ҳикоялар халқ қалбида яшайверади. Ана шундай тақдир эгаларидан бири — тўрткўллик Ўринбой Абдуллаевдир.
Ўринбойнинг исми мармартошга битилган, аммо ўзи тирик қолган. Ҳалок бўлганлар қаторида унинг исми шарифи биринчилар қаторида турарди…
1943 йилда Ўринбой Абдуллаев фронтга сафарбар этилади. У 2-Болтиқбўйи фронти таркибидаги 219-ўқчи дивизия, 375-ўқчи полк сафида оддий аскар бўлиб хизматни бошлайди. Жасорати, эпчиллиги ва топқирлиги туфайли кейинчалик разведкачилар ротасига ўтказилади.
1944 йилда Латвия ҳудудида жойлашган стратегик аҳамиятга эга белгиланган тепалик учун оғир жанглар бошланади. Душман мустаҳкам ўрнашиб олган мазкур тепаликни эгаллаш вазифаси 11 нафар разведкачига юкланади. Улар орасида Ўринбой Абдуллаев ҳам бор эди.
Разведкачилар тун қоронғусида душман томон эмаклаб яқинлашиб, вазиятни ўрганадилар. Маълумот тўплаб қайтган Ўринбой Абдуллаев ва Чернов катта сержантга рапорт беради:
Разведкачилар тепаликни эгаллаш режасини ишлаб чиқадилар. Ниҳоят, катта йўқотиш ва оғир тўқнашувлар эвазига тепалик қўлга киритилади.
— Буйруқ бажарилди. тепалик ишғол қилинди! — деб рация орқали қўмондонликка хабар беради Ҳамид Аҳмадгалин.
— Баракалла! Операцияни давом эттиринглар! — деган буйруқ келади штабдан.
Бироқ асосий синов ҳали олдинда эди.
Душман кетма-кет қарши ҳужумга ўтади. Уч кун давомида разведкачилар тепаликни тарк этмай, жон олиб-жон беришади. Бирин-кетин жангчилар ҳалок бўла бошлайди. Ўразов, Қорабоев, Андронов, Аҳмадгалин каби жасур аскарлар жанг майдонида қурбон бўлади.
Ниҳоят, тирик қолган ягона жангчи Ўринбой Абдуллаев эди.
У охирги ўқи қолгунча жанг қилди. Бироқ ёнида портлаган снаряд уни оғир яралайди. Қўмондонлик эса тепалик ҳимоячилари ҳақида Москвага маълумот юборади. Ҳалок бўлганлар рўйхатига Ўринбой Абдуллаевнинг номи ҳам киритилади.
Кейинчалик унга “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвони берилади. Аммо ҳужжатга: “Ҳалок бўлганидан сўнг” деган қайд ёзиб қўйилади.
Аслида эса Ўринбой тирик эди.
У оғир яраланган ҳолда немисларга асир тушган, концлагерларда мислсиз азоб-уқубатларни бошдан кечирган эди. Қийноқлар ва машаққатли йиллардан кейин у фақат 1955 йилдагина Ватанига қайтишга муваффақ бўлади.
Бироқ юртига қайтган қаҳрамонни аламли манзара қарши олади. Уйи вайронага айланган, ота-онаси ва яқинлари вафот этган, бутун бошли оила энди йўқ эди.
Кўп ўтмай ҳарбий комиссариатда яна бир ҳақиқат ойдинлашади.
— Сиз Совет Иттифоқи Қаҳрамонисиз, — дейди комиссар сарғайган ҳужжатни қўлига тутқазар экан.
Ўринбой индамай турарди. Чунки унинг номи ёзилган “қора хат” аллақачон юртига етиб келган эди.
Уруш йилларидаги яна бир воқеа эса Ўринбой Абдуллаевнинг инсонпарварлигини намоён этади.
Тепалик атрофидаги жанглардан бирида Ўринбой Абдуллаев ва Андронов сув излаб бир қишлоққа кириб боришади. Бир уй олдида икки нафар боланинг жасади ётарди. Уч ва беш ёшлардаги болаларнинг кўксига найза санчилган эди.
Бу манзара жангчиларни ларзага солади.
Шу пайт уй ичидан оғир яраланган аёл чиқиб келади. У фарзандларининг жасадини бағрига босиб, фиғон чекканча:
— Қотиллар қишлоқда тирик жон қолдирмади… Мени ҳам ўлди деб ташлаб кетишди… — дейди.
Ўринбой билан Андронов аёлнинг ярасини боғлаб, унга ёрдам беришади. Кетар чоғларида аёл:
— Илтимос, бирорта эсдалик қолдириб кетинглар, — деб илтижо қилади.
Шунда Ўринбой унга ўз суратини беради.
Орадан йиллар ўтади.
Ҳимоячилар хотирасига ёдгорлик ўрнатилади. Мармар тошга ҳалок бўлган 11нафар разведкачининг номи битилади. Улар орасида Ўринбой Абдуллаевнинг ҳам номи бор эди.
Ёдгорликнинг очилиш маросимига ҳалок бўлганларнинг қариндошлари таклиф қилинади. Шу куни кутилмаган воқеа юз беради — ҳалок бўлган деб ҳисобланган қаҳрамоннинг ўзи маросимга келади.
Ўринбой Абдуллаев ўз номи битилган ёдгорлик қаршисида турарди.
Оркестр садолари янграйди. Майдонни қарсаклар ва “Ура!” деган ҳайқириқлар тутади.
Шу пайт оломон орасидан бир қария чиқиб:
— Пичан ўриб юрганимда сув сўраб келган ўша йигит шу-ку! — деб ҳайқиради.
Унинг ортидан кўзларида ёш қалқиган бир аёл чиқди. У қўлида сарғайиб кетган эски суратни маҳкам ушлаб турарди. Бу — уруш йилларида Ўринбой эсдалик учун берган сурат эди.
Сурат қўлма-қўл айланди.
Ўша аёл қаҳрамонни бағрига босиб йиғлади. Қария ҳам уни қучоқлаб кўз ёш тўкди.
Бу манзарани кўрган юзлаб одамлар ҳам ҳиссиётларини яшира олмади.
Чунки Ўринбой Абдуллаев ва Андронов ўша аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишган эди.
Бу — фақат бир инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг дарди, жасорати ва матонати ҳақидаги тарихдир.
Садулла ОЛЛОЁРОВ,
Фахрий архивчи.
Хоразм вилояти Хива шаҳри.



