ШАФФОФ БОЖХОНА — БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЁТ АСОСИ


Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувининг барча жабҳаларида очиқлик ва самарадорликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда божхона тизимини такомиллаштириш, уни замонавий талаблар асосида қайта шакллантириш ва шаффофликни кучайтириш устувор вазифалардан бирига айланди. Чунки божхона тизимидаги тартиб-интизом ва адолат иқтисодий барқарорликнинг муҳим пойдевори ҳисобланади. Ана шундай ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 19 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қабул қилинган 244-сон қарор божхона соҳасида янги босқични бош­лаб берди. Мазкур ҳужжат орқали божхона сиёсатини либераллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда жараёнларни соддалаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган. Қарорга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиби қайта кўриб чиқилди. Энди божсиз олиб кириш меъёрлари транспорт турига қараб белгиланади. Хусусан, ҳаво транспортида нисбатан юқори лимитлар жорий этилган бўлса, автомобиль ва пиёда ўтиш пунктларида пастроқ меъёрлар белгиланган. Бу эса иқтисодий хавфсизликни таъминлаш билан бирга, божхона юкламасини мувозанатлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларига нисбатан чекловларнинг жорий этилиши электрон савдо соҳасида тартибни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Бу орқали ноқонуний савдо ва яширин иқтисодий фаолиятга қарши самарали чоралар кўрилмоқда. Айрим товар турлари бўйи­ча миқдорий чекловларнинг белгиланиши ҳам аҳамиятли жиҳатлардан биридир. Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, парфюмерия ҳамда биологик фаол қўшимчалар учун аниқ лимитлар жорий этилган. Бу чора-тадбирлар ички бозорни тартибга солиш билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Ёшга оид чекловлар эса ижтимоий ҳимоянинг муҳим механизми сифатида намоён бўлмоқда. Яна бир муҳим жиҳат — товарларнинг олиб кирилиш мақсадини аниқлаш тизимининг такомиллаштирилганидир. Эндиликда божхона органлари товарнинг миқдори, хусусияти ва олиб кириш такрорийлигига қараб унинг тижорат ёки шахсий эҳтиёж учун мўлжалланганини баҳолайди. Бу эса яширин тадбиркорлик фаолиятига қарши самарали курашиш имконини беради. Шу билан бирга, хорижда бўлиш муддатига оид талабларнинг жорий этилиши “сунъий сафарлар” орқали имтиёзлардан ноўрин фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Бу эса божхона тизимида адолат тамойилини мустаҳкамлайди. Қарорда экспорт жараёнларини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жисмоний шахслар томонидан қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган товарларни декларациясиз олиб чиқишга рухсат берилиши кичик бизнес ва экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Замонавий талаблардан келиб чиқиб, божхона тизимини рақамлаштириш жараёни изчил давом этмоқда. Инфокиосклар, электрон декларация тизимлари ва автоматлаштирилган таҳлил механизмлари жорий этилиши инсон омилини камайтириб, коррупцион хавфларни пасайтиради ҳамда хизмат кўрсатиш тезкорлигини оширади. Шунингдек, минимал божхона қиймати чегараларининг белгиланиши сунъий равишда арзонлаштириш ва ноҳалол рақобатнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга замин яратади. Қарор давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга ҳам қаратилган. Идоралараро интеграция ва маълумот алмашинуви тизимининг такомиллашуви божхона сиёсатини самарали амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Хулоса қилиб айтганда, божхона тизимида шаффофликни таъминлашга қаратилган мазкур ислоҳотлар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва давлат бошқарувини замонавий босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Шаффоф ва адолатли божхона тизими эса, шубҳасиз, барқарор иқтисодиётнинг мус­таҳкам асосидир. Б.Йўлдошов, Қорақалпоғистон Божхона бошқармаси Доут-ота Чегара Божхона пости лейтенанти.