КИТОБ, ШЕЪРИЯТ, ТАРЖИМА ҲАҚИДА СЎЗ ЮРИТИЛДИ


Яқинда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, марҳум журналист Саъдулла Ҳакимнинг қорақалпоқ тилидаги асарларидан иборат “Дебдиў” тўпламининг тақдимоти ҳамда адабий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирни институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қ.Қодиров бошқариб борди.

Кечада Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист К.Реймов, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Н.Матяқубова, Республика Маънавият-маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими масъул ходими, шоир Ш.Аяпов ҳамда шеъриятга ошно талаба ёшлар иштирок этди.

Шеърият ихлосмандлари Саъдулла Ҳакимни “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл” каби китоблари орқали яхши танишади.

Саъдулла Ҳакимнинг қорақалпоқ тилидаги “Дебдиў” номли тўпламига Ватан туйғуси, она ерга муҳаббат, умр фасллари, адолат, замонга шукроналик туйғулари билан йўғрилган шеърлари ҳамда “Юрт ўғлони” номли қасидаси киритилган бўлиб, шоир шеърларини таржимон, журналист К.Реймов моҳирона таржима қилган.

Айниқса, шоирнинг қорақалпоқ халқининг ўзига хос турмуш тарзи, меҳмондўстлиги, ирода ва матонати ҳамда миллатлараро ҳамжиҳатлик, халқлар дўстлигини тараннум этувчи шеърлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Саъдулла Ҳакимнинг ҳаёти ва ижоди, адабиётда таржима масаласининг ўрни ва аҳамияти, қорақалпоқ ва ўзбек адабиётининг энг сара асарларини  таржима қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек  тадбир иштирокчилари Саъдулла Ҳаким шеъриятининг адабиётимизда тутган ўрни, бадиий асарларни таржима қилишдаги муҳим омиллар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Ислам Матеков.