Шу йил 6 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши талабларини бажариш, ушбу йўналишдаги муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Шимолий-ғарбий ҳарбий округи, Миллий гвардия, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири А.Азизов юқорида таъкидланган фармойишнинг аҳамияти, ундан келиб чиқадиган вазифаларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифининг иккинчи куни Шимолий-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус горнизонида аскарлар билан учрашиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Учрашув давомида ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш бўйича олдда турган вазифаларга тўхтаб ўтди. Шу билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Нукус шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» дастурини амалга ошириш вазифасини белгилаб берди.
Президентимизнинг махсус фармони билан жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилиб, унинг доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг «Йўл харита»си ишлаб чиқилди. Шунга мувофиқ, Шимоли-ғарбий ҳарбий округидаги 11 бинода йирик таъмирлаш, аскарларнинг саф тортиб юриш майдончаси ва ички йўлларни бетонлаш ишлари олиб борилди. Ҳарбийларнинг билимини ошириш мақсадида электрон кутубхона ташкил этилиб, замонавий интернет-ахборот тармоғи билан таъминланди. Округ ҳудудидаги 19 та кўп қаватли турар жойда, 1 та ётоқхона биносида йирик таъмирлаш, спорт майдончасини қуриш, ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари амалга оширилди.
Нукус горнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарчасида ҳарбий-савдо муассасасининг икки биносида қурилиш ва йирик таъмирлаш ишлари олиб борилиб, махсус ҳарбий бўлим ўқув биносига айлантирилди. Бу ишларга барча манбалардан 35 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчилар учун беш қаватли жами 180 квартирали 6 турар жойда 19 миллиард 517 миллион сўмлик қурилиш ишлари олиб борилди.
Ўтган 4 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича республика комиссияси билан бирга ўтказилган мажлисда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар чуқур таҳлил этилиб, уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг 11 ойида юз берган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоизга камайган. Бироқ, одам ўлдириш, ўғирлик, фирибгарлик жиноятлари, йўл-транспорт ҳодисалари, ўз жонига қасд қилиш бўйича кўрсаткичлар юқори бўлиб қолмоқда. Жумладан, ушбу жиноят турлари Нукус шаҳри, Тўрткўл, Қўнғирот, Хўжайли туманларида ўсганлиги танқид қилинди.
Президентимизнинг «Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши асосида Ички ишлар органлари ходимлари учун ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларни ташкил этиш, жиноятчиликнинг эрта олдини олиш бўйича Миллий гвардия, Шимолий-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари билан яқин ҳамкорликнинг янги тизимини яратиш назарда тутилмоқда. Тадбирда ўқув-амалий курсларни юксак даражада ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, «Нуроний» жамғармаси, хотин-қизлар қўмиталари, Ёшлар иттифоқи фаолларини кенг жалб этиш, барча фуқаролар йиғинларида «Ватанга садоқат оиладан бошланади» мавзусида учрашувлар, ўқув муассасаларида «Ҳарбий ватанпарварлик карвонлари» тадбирини мунтазам ўтказиш ва бошқа муҳим масалалар бўйича ҳар бир соҳанинг масъул ходимларига вазифалар белгиланди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда жиноятчиликлар сони юқори бўлган шаҳар ва туманлар 4 сектор раҳбарларининг ахбороти тингланиб, уни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.



