ФАРОВОНЛИККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришдир


Маълумки, тадбиркорликни ривожлантириш ва ушбу  соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида охирги икки ярим йилда Президентнинг элликдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди, шунингдек, барча ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди.

Биз, республикамизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар  хусусида Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Абу-бакир Ибрагимов билан суҳбатлашдик.

— Аввало, Президентимиз раислигида шу йил 23 июль куни ўтказилган ­видеоселектор йиғилишида Савдо-саноат палатасига қандай вазифалар белгиланди, шулар ҳақида қисқача гапириб ўтсангиз.

— Давлатимиз раҳбари вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарф­лаши кераклигини таъкидлади.  Шунингдек, барча даражадаги ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари фаолиятига янги ташкил этилган ёки фаолияти қайта тикланган кичик корхоналар ва уларда яратилган иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериб, рағбатлантириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси қўйилди.

Баҳо беришда корхоналарнинг яшовчанлик кўрсаткичи асосий мезонлардан бири бўлиши кераклиги белгиланди. Яъни, ташкил этилаётган корхоналарнинг камида 50 ­фоизи кейинги 3 йил давомида ишласа, ҳоким ва унинг тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосари, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини қўшимча моддий рағбатлантириш назарда тутилмоқда.

Белгиланган вазифалар бизнинг фаолиятимизга бўлган масъулиятимизни янада оширди. Негаки, олдимизда берилажак рағбатга муносиб меҳнат қилиш, ҳудудларимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича амалга оширадиган кенг кўламли ишлар турибди.

— Айтингчи, ҳозирги кунда республикамизда қанча кичик бизнес субъектлари мавжуд ва уларнинг сонини ошириш бўйича қандай тадбирлар  олиб борилмоқда?

— Қорақалпоғистон Республикасида  жорий йил бошида 12 минг 364 та кичик бизнес субъект­лари фаолият кўрсатаётган бўлса, июль ойига келиб, уларнинг сони 14 минг 346 тага етди. Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятларни  аҳолига имкон қадар тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Лекин, аҳолини доимий иш ўрнига эга қилиш, оилавий бизнесини йўлга қўйишлари учун уларни тадбиркорликка бўлган кўникмаларини шакллантириш лозим. Шунинг учун бўлажак тадбиркорларни ўқитиб, зарур маслаҳатлар бериб, яратилаётган имкониятларни тарғибот тадбирлари орқали тушунтириб бормоқдамиз.

Бу борада Тадбиркорлик асосларига ўқитиш маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида 750 нафар тадбиркорликка қизиқувчи фуқаролар ўқитилиб, уларнинг 601 нафарига сертификатлар берилди.

Шунингдек,  Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Марказий банк бош бошқармаси билан ҳамкорликда Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини тадбиркорликка ўқитиш бўйича ҳам ўқув семинарлари ташкил қилиниб, уларнинг 150 нафари ушбу ўқув курсларида қатнашди.

— Давлатимиз раҳбари раис­лигида ўтказилган йиғилишда  низоларни судгача ҳал этиш тузилмаларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу ўринда Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ низоларни судгача ҳал этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Хорижий тажрибада 70 фоиз низолар судгача ҳал этилади. Чунки, ишларни судда кўриб чиқиш катта харажат ва кўп вақт талаб этувчи жараён ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан тадбиркорлар билан бевосита ишлайдиган давлат идораларида низоларни судгача ҳал этиш тузилмаларини ташкил этиш зарур.

Ҳозирги кунгача бу борада олиб бораётган ишларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, жорий йилнинг даст­лабки олти ойи довомида ­Бошқармамиз томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид  278 та мурожаат кўриб чиқилди.

Шунингдек, судларга даъво ариза киритиш тўғрисидаги мурожаатлар бўйича Бошқарма томонидан жами 1137 та умумий қиймати 16 млрд. 182 млн.сўмга тенг  бўлган Палата аъзолари манфаатларини кўзлаб, даъво аризалари киритилди. Шу билан бирга 50 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келган низоларни судгача ҳал (медиация) этишга эришилди.

— Биламизки, Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга ҳар хил хизматлар ҳам кўрсатиб келади. Бугунги кунда тадбиркорлик ишини бошлаш ниятида бўлганларга қандай хизматларни кўрсатилмоқда?

— Республикамиз бўйича Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази ва уларнинг бўлимлари томонидан жами 9 минг 942 та хизматлар кўрсатилди.

Жумладан, тадбиркорлик фаолия­тини бошлаётган 653 нафар жисмоний шахсларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, электрон рақамли имзо олишда кўмаклашиш, ҳисоб рақамини очишга ҳужжатлар тайёр­лаб бериш бўйича бепул хизматлар кўрсатилган. Шунингдек, бизнес режа тайёрлаш, ташкилий ҳужжатларни тайёрлаш, печат ва штамп намуналарини тайёрлаш, чет эл компания­лари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини электрон тарзда юбориш бўйича пуллик хизматлар кўрсатилмоқда.

— Маҳаллий тадбиркорларнинг хорижий компаниялар билан алоқалар ўрнатиши ҳудудимизда тадбиркорлик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутади. Айтмоқчиманки, айнан шу йўналишда, яъни маҳаллий тадбиркорларнинг чет эллардаги кўргазмаларда иштирок қилиши, замонавий технологияларни олиб келишига кўмаклашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Албатта, хорижий тадбиркорлар, нуфузли компаниялар билан маҳаллий тадбиркорлар ҳамкорлиги ҳудудимизда мазкур соҳани ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан маҳаллий тадбиркорларимизни чет эл давлатларидаги йирик кўргазма ва ярмаркаларда иштирок қилишини таъминлаш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқиб, бу борада амалий ишларни йўлга қўйганмиз.

Шу ўринда айтмоқчиманки, республикамиз туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам чет элда бўлиб ўтадиган кўргазмалар, саноат ярмаркаларида  маҳаллий тадбиркорлар иштирокини таъминлашда фаоллик кўрсатсалар республикамизга чет эл инвесторларини жалб қилишга, ҳудудларда тадбиркорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшган бўлар эди.

Бу борада Бошқарма томонидан олиб борилган ишлар натижасида 9 та корхонага умумий қиймати 1170,03 минг АҚШ долларига тенг мини-технологиялар ва ускуналарни топишда бевосита ёрдам кўрсатилди. Жорий йилда 2 нафар маҳаллий тадбиркорлар Германия Федератив Республикасида бўлиб ўтган ­халқаро замонавий технологиялар кўргазмасида иштирок этиб қайтди. Шунингдек, 17 нафар маҳаллий тадбиркорлар Хитой Халқ Республикасида ўтказилган Кантон экспорт ва импорт кўргазмасида иштирок қилиши таъминланди.

— Давлатимиз раҳбари юқорида келтирилган йиғилишда “Фақат катта корхоналар қуриб, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, бюджет тушумларини кўпайтириш масалаларини тўлиқ ҳал эта олмаймиз”, дея юртимизда кичик бизнес тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Республикамизда кичик бизнес субъектлар сонини кўпайтириш бўйича қандай режалар ва амалий ишлар  қилинмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил
7 январь кунги йиғилиш баённомаси топшириғига мувофиқ, жорий йилда кичик бизнес субъектлари сони ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпайтириш бўйича режа ишлаб чиқилди ва республиканинг 4 сектор раҳбарлари, вазирликлар, қўмита ва ташкилотлар томонидан тасдиқланди.

Ушбу режага мувофиқ, йил давомида 4 минг 309 та кичик бизнес субъекти ташкил қилиниши режалаштирилган. Республика бўйича йилнинг дастлабки олти ойи давомида 2 минг 260 та субъект янгидан ташкил қилиниши белгиланган бўлиб, мазкур режа ортиғи билан бажарилган бўлсада, айрим туманларда бу борада сусткаштликка йўл қўйилмоқда. Масалан, Тахтакўпир туманида белгиланган режа 36,8 фоиз, Нукус туманида 61,6 фоиз, Элликқалъада 76,4 фоизга бажарилган.

Биз, бу борада ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш бўйича зарур чораларни кўрамиз. Ҳудудларда кичик бизнес фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, фаолиятини тўғри ташкил қилишида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, кўмакдош бўлишга тайёрмиз.

Зеро, Президентимиз таъкидланганидек, турмуш даражасини юксалтиришнинг энг муҳим йўли тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришдир.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ

 суҳбатлашди.