Тетапоя чоғларимда чорласалар
Балки, тилсиз чулдур-чулдур қилиб бордим.
Лек, бир умр ҳаётнинг бор чорловига
Она тилим сенинг билан кириб бордим.
Сенинг билан англадим сўз, калом сехрин
Ахир мурғак бир жон бўлиб она дедим.
Ҳар онимки сенинг билан ёруғ, ҳар тонг
Сенинг билан уфқ каби ёнар эдим.
Она тилим сенинг билан этдим идрок
Бир кўнгилга бир кўнгилни оча олдим.
Тилсимларнинг гирдобида сенинг билан
Ҳаётнинг ҳар тугунини еча олдим.
Она тилим сенинг билан одамийлик
Сухан айтиб ғарибларга бердим таскин.
Кези келса, қилич қилиб, қалқон қилиб
Сенинг билан ғанимларга бўлдим кескин.
Она тилим сенинг билан тарих абад
Бир тарихким, сатри зарҳал, дур номадир.
Қонли кунлар, шонли кунлар, исёнли кунлар
Сенинг билан тугал битик, салномадир.
Она тилим сенинг билан садоим бор
Сен бўлмасанг бир безабон кесакдирман.
Ки ўзбекни танир дунё сенинг билан
Сенинг билан юксак элда юксакдирман.
Сенинг билан халқим тушган бу катта йўл
Унда аҳли забардастлар юриб борар.
Она тилим! Дунё ичра буюкликка
Ўзбекистон сенинг билан кириб борар!
Назира Матяқубова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.



