Коррупция муаммоси ва унга қарши курашиш масаласи ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидан бири. Ушбу иллат мамлакат тараққиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, халқнинг давлатга, мансабдор шахсларга бўлган ишончи сусайишига олиб келади.
Коррупция айниқса, демократик ислоҳотларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланиш ва кадрлар сифати пасайишига, натижада барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг пайдо бўлишига, ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг бузилишига сабаб бўлади.
Бугунги фан ва технологиялар асрида мамлакат ривожланиши, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга ошишида салбий таъсир кўрсатадиган коррупция иллати ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам ўринли. Бу иллатнинг ривожланиб авж олиши бугун бошлангани йўқ.
Буюк юнон файласуфи Аристотел “ҳар қандай давлат тузилишининг энг аҳамиятлиси бу — қонунлар ва бошқа қоидалар асосида мансабдор шахсларга даромад излаш, манфаатдорлик имконини қолдирмаслик” деб таъкидлаган эди. Бу фикр ҳаётимизда татбиқ этилаётганининг исботи сифатида мамлакатимизда бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётгани, хусусан, юртимиздаги барча мансабдор шахсларга уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида ойлик маошларининг оширилиши, уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилиши, давлат органлари ходимларининг даромадларини декларациялаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни таъкидлаш лозим.
Шундай бўлса ҳам, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг баъзи жойларда оқсаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Француз файласуфи Шарль Луи Монтескье “… асрлар давомидаги тажрибалардан маълумки, лавозимга эга бўлган шахс ундан ноқонуний фойдаланишга мойил ва у шу йўналишдан ўзи хоҳлаган натижага эришмагунча тўхтамайди” — дея таъкидлаган. Демак, ҳар қандай мансабдор шахс ўзи эгаллаб турган лавозимидан қонунга хилоф равишда фойдаланиб, жамият ва шу соҳа ривожига халақит беради.
Коррупция ҳолатларининг сабаби ва шароитларини бартараф этиш бўйича янги тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, бу соҳага оид бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, улар асосида ҳар бир йўналишда белгилаб берилган вазифалар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, барча давлат органларига коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифалар белгиланди. Давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича координаторлар ташкил этилиб, уларнинг ўзаро бирга ишлашини таъминлаш, идоравий тадбирларни амалга ошириш бўйича ички назорат механизмини кучайтириш белгилаб берилди.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда идоравий координаторларнинг фақатгина давлат органларини эмас, балки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва барча соҳаларни қамраб олиши ва улардаги мансабдор шахсларнинг манфаатлари тўқнашувининг олдини олиш тартиблари кўрсатилди.
Бу иллатнинг келиб чиқиш ва ривожланиш омилларини ўрганиб, уни тўхтатиш ва бартараф этишни аввало жамиятдаги ҳар бир инсон ўзидан бошлаши керак. Айниқса ёшлар келажакда етук мутахассис бўлиши учун фақатгина ўз билими ва меҳнати билан ҳаракат қилиши лозим.
Коррупцияга қарши курашиш борасида ҳар бир киши ўз атрофидагиларга тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб борса жамиятимизнинг барча фуқаролари бу иллатга қарши кураш олиб бораётганидан дарак беради.
Гулзиба Хожаметова,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги мутахассиси.



