Бугунги кунда фермер хўжалиги ва томорқа майдонларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, уларда иссиқхоналар ташкил қилиниши бозорлармизнинг мева-сабзавот маҳсулотлари билан тўкин бўлиши билан бирга, деҳқон фермерларнинг даромадлари ортишига хизмат қилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном –инспекторлари томонидан бугунги кунда ана шундай иссиқҳоналарда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фитосанитар тозалиги карантин назоратидан ўтказилиб, бозорларда сотишга ва экспортга чиқаришга рухсат берилмоқда.
Ҳозирги пайтда иссиқхоналарда асосан полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Уларнинг аксарияти помидор ва бодринг маҳсулотлари экилган иссиқхоналардир, — дейди инспекциянинг ички карантин бўйича етакчи агрономи Улуғбек Жумамуртов. — Иссиқхоналар ҳар қандай зараркунанда ва касаллик ривожланиб, тез тарқаладиган жойи бўлганлги боис, у ердаги ўсимликлар агроном инспекторлар томонидан ҳар уч кунда карантин текширувидан, зараркунандаларни аниқлаш учун феромон тутқичлар қўйилиб, назоратдан ўтказилиб борилмоқда.
Бундай тадбирларда деҳқон-фермерларга ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш борасида олиб бориладиган агротехник тадбирлар, зарарсизлантириш (фумигация) чораларининг аҳамияти тушунтирилмоқда.
Сабаби, дала шароитида маҳсулотларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш қанчалик аҳамиятли бўлса, иссиқхоналардаги маҳсулот ана шундай аҳамиятга эга. Яъни, иссиқҳоналарда маҳсулот етиштиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Уларда экинларнинг ўсиб ривожланишига қулай шарт-шароит яратиш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича олиб бориладиган тадбирлар ҳосилдорликнинг ошишини таъминлайди. Шу боисдан ҳам бу бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш талаб қилинади.
Зараркунандалар асосан помидор мевасига, япроғига кириб, ғовак йўллар пайдо қилиб озиқланади. Личинканинг шоҳаларга кириши ўсимликнинг ташқи кўринишини ўзгартиради. Помидор ривожланиш даврининг барча босқичларида зарарланиши мумкин. Унинг барча бўлакларида қора экстриментларнинг бўлиши ҳам зараркунанданинг бор эканлигидан далолатдир.
— Ўсимликнинг зарарли органимзларга чидамлилигини орттириш учун минерал ўғитлар бериш, ўз вақтида суғориш, зарарланган ўсимликларни иссиқхонадан чиқариб кўмиш ёки ёқиб юбориш, ёввойи ўтлардан тозалаш ва дизенфекция ишларини амалга ошириш зарурлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди агроном-инспектор Динара Халдурдиева. Помидор маҳсулотининг хавфли зараркунандаси ҳисобланган “помидор куяси” ва унга қарши курашиш чоралари бўйича маълумотлар бериб бормоқдамиз.
Ўсимликлар карантинига алоқадор тартиб ва қоидалар, шунингдек, қоидаларга амал қилиниши деҳқон фермерларнинг сифатли маҳсулот етиштиришида муҳим омил бўлиб хизмат қилади ҳамда унумдорликни оширади. Бу юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг янада ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



