Ҳадислар — маънавий-ахлоқий тарбия воситаси


Келажагимиз бўлган ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда миллий қадрятлар, урф-одатлар, анъаналар ва Қуръони Карим, ҳадиси шарифларнинг ўрни беқиёсдир. Буни айниқса, якунига етиб бораётган муборак рўзаи-рамазон кунларида алоҳида эътироф этишимиз лозим.

Ҳадисларда баён этилган фикрлар ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Уларда эзгу ғоялар мужассам.

Хусусан, шахсий бурч (ота-она, қариндош-уруғ, фарзанд олдидаги масъулият) ва ижтимоий бурч (мусулмон динига эътиқод, халқ, жамоатчилик олдидаги жавобгарлик ҳисси, ўз Ватани равнақи, гуллаб яшнаши, халқ манфаати учун меҳнат қилиш) ўзаро мутаносибликда ўз ифодасини топади.

Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Шарму ҳаё ва камсуқумлик иймоннинг икки бўлагидир. Беҳаёлик ва гапдонлик мунофиқликнинг икки бўлагидир”,

“Кишининг олижаноблиги-динидир”. “Бахтли киши фитналардан йироқ бўлган, мусибат етганда сабр қилган кишидир”.

Ҳадисларда маънавий-ахлоқий жиҳатдан комил инсонга хос бўлган фазилатлар баён этилади. Иймоннинг асосий белгиси сабр ва ишончдир. Ҳадисларда ифода этиладиган иймоннинг моҳияти ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, маънавий-ахлоқий тарбия воситаси ҳадислар орқали жамият аъзолари диёнат, инсоф, виждон, иймонга даъват этилади.

Ҳадисларда ота-онага ҳурмат, меҳр-муҳаббат ғояси алоҳида тарғиб қилиниб, мажбурий бурч тарзида ифода этилади. Фарзанднинг ота-она олдидаги вазифалари, бурчи, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи каби масалалар қамрови кенгайтирилади. Ота-онага ҳурмат, меҳр-муҳаббат, эъзоз, моддий ва маънавий ёрдам бериш, уларнинг қариндош-уруғлари, дўстлари, биродарлари билан алоқани узмаслик, васиятларига садоқатли бўлиш ҳақидаги ғоялар ёшлар онгига сингдирилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳдан сўрадилар: «Эй Расулуллоҳ, мен аввало кимга яхшилик қилсам бўлади?» — Расулуллоҳ: «Онангга, онангга ва яна онангга», — деб жавоб берган эканлар.

Ҳадисларда болаларга ёшликдан илм сирларини ўргатиш унинг келажакда фаровон турмуш кечиришини таъминлашининг негизи эканлиги алоҳида таъкидланади. Масалан, «Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир».

Маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим йўналиши ҳисобланган сахийлик, эзгулик, самимийлик, дилкашлик каби ижобий фазилатлар таъмагирлик, очкўзлик билан мол-дунё тўплаш, миннат, мақтаниш, ғаразли мақсад сингари салбий хусусиятларга қарама-қарши қўйилади.

Ҳадисларда халқнинг турмуш тарзини кўтаришга бағишланган маданий-маърифий ишлар ободонлаштириш, қабристонларни тозалаш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, экинзорларни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш, иншоотларни таъмирлашга даъват этилади булар эса ўз навбатида маънавий-ахлоқий тарбияга хизмат қилади.

Шундай экан, ҳадисларни ўрганиш, таҳлил этиш ва уларнинг тарбиявий имкониятларини аниқлаш ҳамда ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашда улардан кенг фойдаланиш лозимдир.

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.