АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?


Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда аҳолини рўйхатга олади.

Ҳозир жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилмоқда.  Ўзбекистон ҳудудида илк бор аҳолини рўйхатга олиш тадбири 1897 йилда амалга оширилган. Шундан сўнг 1926, 1939, 1959, 1970, 1980 йилларда аҳоли рўйхатга олинган. Ушбу тадбир мамлакатимизда сўнгги бор 1989 йилда ўтказилиб, ўша пайтда республикамиз аҳолиси 19,7 миллион (жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 1,2 миллион) кишини ташкил этган эди.

Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг (жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 1 898,3 минг) кишини  ташкил этади.

Аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёши, жинси, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа  ижтимоий-демографик  ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти.

БМТ  2015 йилнинг 10 июнида “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясини қабул қилди. Унга кўра, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилди. Ҳозир МДҲ давлатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланиб кетган. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам! Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борада ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур концепция асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статис­тика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама ва ҳуқуқий экспертизалардан сўнг 2020 йил 16 март куни Президентимиз томонидан имзоланди.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, унда Қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган.

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Иккинчиси — асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.

Мамлакатимизда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, интернет тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш имконияти ҳам яратилади, аниқроғи, хоҳловчилар ўзлари уйларидан ёки масофадан туриб, махсус дастур орқали саволнома варақаларини тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.

Қарийб уч йилгача давом этадиган сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.

Рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Чунки, маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараён­га жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадбирга, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.

Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарс­ликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молия­лаштириш кўзда тутилган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан, 2024 йил 1 декабрга қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳим. Унинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотураржойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Қисқача айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

С.Бекмуратов,

Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.