Бугунги кунга келиб мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, журналистлар анча фаоллашганлигини тан олишимиз керак, албатта. Яъни бугун матбуот фақатгина ахборот тарқатувчи восита эмас, балки фуқаролик жамиятининг бир институти сифатида намоён бўлмоқда. Буни аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарият қисми ОАВлари орқали кўтарилаётганлиги, муҳокама қилинаётганлиги, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этаётганлиги орқали ҳам кўришимиз мумкин. Натижада матбуотда эълон қилинган масалаларга ечим изланмоқда, қанча–қанча ижтимоий муаммоларнинг ҳал бўлишига эришилмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси ОАВ ходимларига берилаётган имкониятлар, ҳуқуқ ва эркинликлар ва ишонч натижасидир. Хусусан, кейинги йилларда соҳага оид бир қатор қонунларнинг такомиллаштирилгани, журналист, ижодкорлар учун сўз эркинлиги имкониятлари яратилаётганини таъкидлаш лозим.
Бироқ, бугунги шароитда ОАВлари бунданда фаол бўлишимиз лозим. Яъни оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятини ривожлантиришда, одамларнинг ўз фикрларини, ислоҳотларга муносабатини эркин ифода этишларида, соҳа ва тармоқларда ўрин олаётган камчилик ва муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишда, жамоатчилик назоратини ўрнатишда етакчи кучга айланиши керак. Бунинг учун, соҳага оид баъзи муаммоларни ҳам ҳал этиш зарур бўлади.
Тан олишимиз керакки, бу борадаги муаммоларнинг энг биринчиси аввало ўзимизга боғлиқ бўлганидир. Хусусан, бугун аксарият журналистларнинг билими, савияси, касб маҳорати шиддат билан ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий, ҳаётий жараёнларга ҳамоҳанг тарзда ўсиб бораяпти деб айта олмаймиз. Бу эса уларнинг ҳозирги янгилик ва янгиланишларни тез илғаб олиши ва ўз муносабатини, шунингдек, кенг оммада ижтимоий фикрни шакллантиришида панд бермоқда. Демак, журналистларнинг ўз устида мустақил ишлаши, кўп ўқиши изланиши жуда муҳим. Аммо бу борада яна бир масала бор. Бу – журналистларнинг малака оширишларини тизимли равишда ташкил этиб боришдир. Масалан, тиббиёт, таълим ва бошқа қатор соҳа ходимларининг малака оширишлари учун мамлакатимизда махсус таълим муассасалари бор, тизимли ташкил этилган курслар асосида улар вақти-вақти билан малака ошириб тегишли тартибда билимларини синовдан ҳам ўтказиб боришади. Бу синовлар натижаларига қўра уларга тоифалар, устамалар белгиланади, бошқача айтганда ходимнинг мақоми бир даражада ошади. Аммо журналистика соҳасида бундай амалиёт мавжуд эмас. Баъзи-баъзида ўтказиладиган семинарларни айтмаганда албатта.
Бундан ташқари, бугун оммавий ахборот воситаларида танқидий, таҳлилий материалларни бериш урфга кирди. Журналистларимиз ҳеч иккиланмай соҳалар, ислоҳотлар жараёни, айниқса фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни мунтазам ёритиб бормоқдалар. Бироқ, мутасадди ташкилотлар томонидан уларни ўқиб, муҳокама қилиш, зарур чораларни кўриш ва оммавий ахборот воситаларига жавоб бериш ёки жавоб мақола билан чиқиш амалиёти етарлича шаклланмаяпти.
ОАВларидаги муаммолар ҳақида гапирганда энг оғриқли масала бўлиб қолаётган босма нашрлар хусусида тўхталмай иложимиз йўқ. Босма нашрларнинг иқтисодий аҳволи тобора қийинлашиб бораётгани, нусхаси камлиги, уларга обуна масаласи мураккаблашаётгани, газета-журналлар ўқувчиларга ўз вақтида етиб бормаслиги натижасида маълумотлар эскириб кетиши, энг ёмони эса босма нашрларни жамият ҳаётидан бутунлай чиқариб ташлаш ҳақидаги фикрлар албатта соҳа вакилларини ўйга солади. Биз ҳал этилиши лозим бўлган бу муаммоларнинг ечимини умидвор бўлиб кутаяпмиз.
Албатта касб байрамимиз арафасида дардимизни айтиб йиғламоқчи эмасмиз. Аксинча, бугунги тинч, осуда ҳаётимизга, эмин эркин ҳеч қандай таъқиб ва таъқиқларсиз ижод қилаётганимизга шукроналик келтирган ҳолда нишонлаймиз. Зеро байрам бу кўтаринкилик, яхши ниятларни қилиш ва уларнинг ижобатига умидвор бўлиш онидир. Ана шундай мазмун моҳияти боис ҳам байрамлар гўзал бўлади.
Барча ҳамкасбларимизга ана шундай шукуҳли кун муборак бўлсин.
Назира Матяқубова,
“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.



