Театр санъатининг ёрқин намояндаси, рақс санъатининг илк қалдирғочларидан бири, Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Рима Адикова ҳаёт бўлганида бу йил муборак 90 ёшни қаршилаган бўларди. Рима Адикованинг умр йўлига назар ташлар эканмиз, у ҳаётнинг қийинчиликларини ҳам, оғир-енгилини ҳам, завқини ҳам туя олган самимий инсон эди. Шундай умрлар бўладики, ўзи бу оламни тарк этгани билан унинг қилган меҳнати, ноёб санъати мангу яшайди. Вақт ўтгани сайин қадри ортиб, сайқалланиб, эъзоз топиб бораверади. Рима Адикованинг ҳам айнан санъат, маданият йўлида қилган меҳнатлари бугун мана шундай юксак эътирофларга сазовордир.
Рима Адикова 1930 йилнинг 10 май санасида Тўрткўл туманида туғилган. Риманинг онаси турмуш ўртоғи вафот этганидан сўнг, 4 нафар фарзандини етаклаб, Нукусга кўчиб келади.
Эртадан то кечга қадар жўжабиржон болалари учун елиб югуради. У пайтларда эркаклар билан бир сафда аёллар ҳам қурилишда меҳнат қилган. У ҳам қурилиш ташкилотида нонини ҳалоллаб топиб, фарзандларини тарбиялаб, камолга келтиради.
1941 йил Иккинчи жаҳон уруши. Бу барча оилалар учун оғир, синовли, қийинчиликлар даври эди. Кимдир отасидан, кимдир турмуш ўртоғидан, кимдир фарзандидан, яна кимдир жигаргўшасидан айрилган. Бу қонли уруш сафари учун Риманинг эндигина 18 ёшни қаршилаётган акасига ҳам “ташриф қоғози” келади. Жигаргўшасини кузатар экан, онанинг дили қанчалик оғримасин, бу “кўпга келган”ни жасорат, кучли ирода билан қарши олди. Уч нафар фарзандини бағрига босганича она яна ҳаёт синовларида тобланди, яшаш учун мардонавор курашди.
Нукус шаҳридаги А.С.Пушкин номидаги мактабда таълим олган Рима ёшлигидан ўзига нисбатан жуда талабчан, зийрак қиз эди. Бир куни мактаб ҳовлисининг чекка бурчагидаги пештахта олдида ўқитувчилар, ўқувчилар барчаси жам бўлишиб, ниманидир муҳокама қилишарди. Табиийки, бу ҳолат Риманинг ҳам эътиборини тортди. Пештахтадаги эълонни ўқиган Рима ўз-ўзидан ҳурсанд бўлиб кетди. “Қорақалпоқ давлат мусиқали драма ва комедия театри қошида бир йиллик хореография-рақс санъати курси (балетная студия) ташкил этилди. Шунга хоҳловчи йигит-қизларни таклиф қиламиз”. Бу эълон Римани жуда тўлқинлантирди. Ҳаётида янги саҳифалар бошланишига, орзулари рўёбга чиқишига астойдил ишонди.
У шу куннинг ўзидаёқ синфдош дугоналари билан мазкур даргоҳга ташриф буюриб, ўз иқтидорини синовдан ўтказди. Буни қарангки, шунча қизлар ичидан фақатгина Рима ушбу курсга қабул қилинди. Римада рақсга бўлган қизиқиш болалигида бошланган эди. Ана шу қизиқиш уни катта санъат сари етаклади.
1944 йилнинг июнь ойида рақс санъати учун студия ташкил этилади. Унга Тошкент шаҳридан келган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Али Ибрагимов раҳбарлик қилади. Бу инсон жуда кўп мамлакатларда бўлиб, афғон, эрон халқларининг маданиятини, санъатини қунт билан ўрганган.
Мана шундай истеъдод эгаси Нукус шаҳрига ташриф буюриб, талантли ёшларни бир жойга жамлади ва рақс санъатининг сир асрорларидан йигит-қизларга таълим беради. Ушбу студияда республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 40 нафар йигит-қизлар саралаб олиниб, бир йиллик ўқишни тугатганларидан сўнг, уларнинг кўпчилиги бошқа артистлар каби театрда ўз фаолиятини давом эттирдилар.
Рима Адикова курсни тамомлагандан сўнг, ишга шу даражада киришиб кетадики, раҳбарият томонидан қандай роль берилмасин уни моҳирона ижро этарди. Айниқса, рақс санъати мавжуд спектаклларда ўйнаган роллари халқ олқишига сазовор бўлди. Рима бундан завқланди, руҳланди, аммо, ўз устида изланишдан, билмаганларини ўрганишдан асло чарчамади.
1950 йиллардан бошлаб асосий ролларни ижро эта бошлаган Рима К.Яшиннинг “Офтобхон”, Н.Даўқараевнинг “Алпомиш”, А.Аджибековнинг “Аршин мал-алан”, Ж.Аймурзаевнинг “Бердақ” каби жуда кўплаб мусиқали спектаклларда бош роллардан бирини ижро этган.
У Абдулла Қаҳҳорнинг “Сурмахон” пьесасидаги Қумри образини ҳам моҳирона ижро этди.
Ж.Б.Мольернинг классик пьесаси “Тартюф” номли сатирик комедиясини саҳналаштиришни режалаштирган режиссёр Т.Алланазаров унга Мариана ролини ижро этишини айтади. Чунки, бу роль – актрисанинг ташқи ва ички дунёси, ҳаттоки, кўриниши, яъни, тўлачадан келган, самимий, соддагина, хатти -ҳаракатидаги эврилиш, умуман, барча-барчаси Мольернинг дворян қизи билан ҳамоҳанг эди. Актриса бу ролни мамнуният билан қабул қилади.
1956 йили Қорақалпоқ адабиёти ва санъати ўн кунлиги ўтказилиши муносабати билан азим Тошкентдан Лиза Петросова ташриф буюради. Унга Р.Адикова ассистентлик қилади. Рима устози яратган “Қора жўрға”, “Шағала”, “Кигиз босиш”, “Айқулаш”, “Қуаниш”(“Назли” номи билан) ҳамда “Суймаганга суйканма” спектаклининг барча рақсларини бироз ўзгаришлар билан тезда саҳналаштиради. Чунки, у устозидан рақс санъатини қунт билан ўрганган ва уни ҳар доим ижро қилиб, янгилик яратишга ҳаракат қиларди. Рима Адикова “Қошғар рақси”, “Губбози”, “Эронча рақс”, татарча “Апипа”, Хоразм лазгиси, белорусча “Левониха”, ўзбекча “Андижон самоси”, “Бухорча рақс”, ”Шарқ пластикаси”каби рақсларни ўша даврларда саҳналарда, қорақалпоқ рақс санъати тўгаракларида, Бердақ номидаги филармония репертуарида саҳналаштирилишида жонбозлик кўрсатди. Чунки, у республика миқёсида ўтказиладиган катта тадбирларга раҳбарлик қиларди.
1957 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган фестивалда Рима Адикованинг меҳнатлари яққол кўзга ташланди. Шу йилнинг август ойида ансамбль жамоаси Москва шаҳрида ўтказилган бутунжаҳон VI фестивалда иштирок этди. Уларнинг чиқишлари ҳайъат аъзолари томонидан юксак эътироф этилиб, қорақалпоқ рақс ансамбли жамоаси кумуш медал билан тақдирланди.
У 1959 йилда Москва шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон маданияти ва санъати кунларига ҳам қизғин тайёргарлик кўрди.
Р.Адикованинг бевосита ёрдами билан “Балиқчилар”, “Кигиз босиш”, “Чўпонлар” рақслари қайта тикланди.
Рима Адикова санъат фестивалида муваффақиятли иштирок этиб қайтганидан сўнг, ўз фаолиятини яна театрда давом эттирди.
1985 йилда меҳнат таътилига чиққан Р.Адикова шогирдларига санъатнинг сир-асрорларини ўргатишдан бир дам тўхтагани йўқ. Унинг шогирдларидан, юртимиз фахрига айланган “Айқулаш” ашула ва рақс ансамблининг бош балетмейстри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Полат Мадреймов, театримизнинг ёрқин истеъдодлари Маржан Халмуратова, Ханим Сапарова, Заўре Сайпова ва бошқаларни тилга олиш мумкин.
Рима Адикова фаолияти давомида Тошкент ҳамда Москва шаҳарларида ўтказилган фестиваларда қорақалпоқ халқининг маданияти, санъатини кенг оммага танитиш, тарғиб этишда жонбозлик қилди. У 41 йиллик самарали меҳнати давомида жуда катта ютуқларга, муваффақиятларга эришди, халқимиз олқишига сазовор бўлди. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Қорақалпоғистон халқ артисти”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” каби юксак унвонлар билан тақдирланди.
Истиқлол йилларида “Шуҳрат” медали ҳамда 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, инсон ўз касбига, ишига меҳр қўйсагина, уни масъулият ва садоқат билан адо этсагина касбидан камол топади, халқ меҳрига мушарраф бўлади. Р.Адикова ҳам ана шундай қилган меҳнатлари натижасида санъатга бахшида саодатли умрни яшаб ўтди.
П.Муратова,
Тарих фанлари номзоди, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.




