ТАЪЛИМ ОЛИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА


Бугунги кунга келиб мамлакатимизда таълим олишнинг янги шакллари жорий этилмоқда, яъни таълим олиш шаклларининг таснифи кенгайтирилди.

Хусусан, ишлаб чиқаришдан ­ажралган кундузги ва ажралмаган ҳолда сиртқи, кечки, масофавий, ­инклюзив таълим.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2020 йил 13 ­октябрдаги «Алоҳида таълим эҳтиёж­лари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарори қабул қилинди. Шунингдек, 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш  концепцияси, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ­болалар таълимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари  тўғрисида ҳам ҳужжатлар тасдиқланиб, уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тузилди.

Миллий қонунчилигимиз имконияти чекланган инсонларга ҳам ўз салоҳиятини юзага чиқаришда тенг ҳуқуқ беради. Конституциямизда таълим олиш ҳуқуқи барча учун кафолатланган. Мамлакатимизда жисмоний имкониятлари чеклангани сабабли умумтаълим мактабларига бормайдиган болалар ҳам бор.

Европа Иттифоқи томонидан молияланадиган “Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун ­инклюзив таълим” лойиҳаси мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантиришга қўшимча туртки берди. Лойиҳанинг асосий мақсади 2-10 ёшгача бўлган алоҳида эҳтиёжли болалар учун таълим сифатини ошириш ва уларнинг умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларига мослашишига кўмаклашишдан иборат.

Европа мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу ёш ­тоифаси болаларни умумтаълим мактабларига жалб қилиш учун қулай ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, алоҳида эҳтиёжли болалар ота-оналарига уларнинг фарзандлари ҳам жамиятнинг бир бўлаги бўлиш ҳуқуқига эга эканини етказиш, буни уларнинг ­онгига сингдириш таълимнинг асосий мақсадларидан биридир.

Амалиётдан биламизки, муайян таълим эҳтиёжларига эга бола ўз тенгқурлари орасида ўқиса, бу кўпроқ самара беради.

Бунинг натижасида болалар биргаликда ишлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлашни ўрганади. Бир муҳитда тарбияланадиган болалар ўзларидаги фарқни сезмайди, балки буни фақат ота-оналар сезади, холос. Шу боис бундай мулоқот алоҳида эҳтиёж­ли ва бошқа болалар, ўқитувчилар, жамият, маҳалла, оилаларга ижобий таъсир кўрсатади. Яъни, уларнинг барчасида алоҳида эҳтиёж­ли инсонларга нисбатан ижобий муносабат ривожланади. Умуман олганда, раҳм-шафқат, мурувват каби хислатлар халқимизга азалдан хос бўлиб, буни болаларга ҳам ёшлигидан сингдириш лозим. Бу борада ­инклюзив таълим алоҳида ўрин тутади.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча қатламдаги фуқароларимизнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги кишини қувонтиради.

А.Елмуратова,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали доценти, Психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).