Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали кимдир ўзини сувга ташлаганини, яна кимдир чўмилаётиб сувга чўкиб кетгани ҳақидаги хабарларга дуч келамиз. Афсуски, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамасдан бу каби салбий ҳолатлар учрамоқда.
Ёз мавсуми бошланиши билан кўпчилик дарё, канал, анҳор бўйларида мириқиб дам олишни, сувда чўмилишни хуш кўришади. Баъзида ёши катта инсонлар ҳам дўстлари, ошна оғайнилари билан ёхуд оилавий дам олгани боришади. Бу яхши албатта. Лекин мана шундай соя-салқин жойларда ҳордиқ чиқаришнинг ўзига яраша ёзилмаган, ҳамма амал қилиши лозим бўлган қонун-қоидалари бор. Аввало, чўмилиш таъқиқланган жойларда чўмилмаслик лозим. Қолаверса, баланддан ўзини сувга ташлаш, узоқ вақт давомида сув ичида қолиб кетиш, айниқса, сузишни билмай туриб, чўмилиш оқибатида мана шундай нохуш ҳолатлар юзага келади. Кўпчилик сув бўйида дам олаётганда бўшаган баклажка, шиша ёхуд, маҳсулот солинган пластмасса идишларини, овқат қолдиқларини ўтирган жойига ташлаб кетади. Ёки баъзи ҳолларда уларни сувга отиб юборади. Бу эса сувни ифлослаши билан бир қаторда, сувда чўмилаётган одамга бирор зарар етказиши мумкин.
Мана ўқув йили ҳам тугаб ўқувчи-ёшлар қадрдон мактаби билан хайрлашди. Эндиликда, кўпчилик болалар ўз уйларида, ота-оналари бағрида. Баъзилари эса оромгоҳларда дам олмоқда, баъзилари яқин қариндошлариникида меҳмонда. Аммо, ким қаерда бўлишидан қатъий назар аввало, ҳар бир бола ота-она, катталар назоратида бўлиши лозим. Маълумки, кўпчилик ота-оналар фарзандини тўгаракда, дўстлари, ўртоқлари билан ўйнаяпди деб ўйлаб, боласини назорат қилмайди. Аммо, баъзи бир болалар ота-онасидан берухсат анҳор, дарё, каналларда чўмилиб, кўнгилсиз ҳолатларга дуч келмоқда. Шу боис, таътил пайтларида иложи борича мактаб жамоаси, қолаверса, ҳар бир ота ҳамда ёши катталар ўз фарзандига масъулият билан қараб, уларни назорат қилиб туриши муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳам бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
— Таъкидлаш жоизки, республикамизнинг барча ҳудудларидаги канал, анҳор ва кўл бўйларига аҳолининг сувга чўмилиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса (чўкиш) лар ва юқиш эҳтимоли юқори бўлган инфекциялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг оммавий чўмилиши кузатиладиган жойларга 68 та таъқиқловчи белгилар ўрнатилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ФВВ Ҳудудларни муҳандислик муҳофаза қилиш ва объектларнинг барқарор фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи, лейтенант Азизбек Абдиғаниев. — Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Санитария эпидемиологик осойишталик маркази, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими, ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан биргаликда 131 маротаба рейдлар ўтказилди. Канал, анҳор бўйларида 222 та профилактик суҳбатлар ўтказилиб, аҳолига сувда чўмилиш ва унинг оқибатлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда эслатма буклетлар тарқатилди. Бундан ташқари, мана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, жумладан, матбуот, радио, телевидение ҳамда интернет сайтлари орқали ҳам тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Эътиборлиси, кунлик амалга оширилган профилактик ишлар Нукус шаҳри ҳамда туманлар кесимида муҳокама ва таҳлил қилинмоқда.
Шу ўринда сувда чўмилишнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида ҳам келтириб ўтсак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, чўкиш бу-нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир. Агар ниҳоятда чарчаган ёки сувда узоқ вақт қолиб кетган бўлсангиз, қорнингиз оч, чанқаган бўлсангиз, яқин орада касал бўлган ёхуд спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлсангиз, чўмилмаганингиз маъқул.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, юртимизнинг бирорта ҳудудида хавфсизлик қоидаларисиз чўмилишга рухсат этилган жойнинг ўзи йўқ. Шу боис, хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда белгиланган жойларда чўмилиш мақсадга мувофиқдир.
Зеро, қоидаларга амал қилиш умр фойдасидир.
И.ДАНИЯРОВ,
Д.Раимбоев,
Бердақ номидаги ҚДУ журналистика бўлими талабалари.



