Бугунги кунда давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар аҳоли, хотин-қизлар, ёшлар муаммоларини ҳал этиш, оилаларни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Бу борада миллий урф-одатларимизни қайта тиклаш, уларни ёшлар онгига сингдириш муҳим омил бўлмоқда.
Айниқса, ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир.
Ушбу масъулиятли ишларни амалга оширишда ўзаро чамбарчас боғлиқ уч омил, яъни «Оила-маҳалла-таълим муассасалари” ҳамкорлиги муҳимдир.
Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил этади. Шу боис ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган тизим уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, муаммоларини ўрганиш ва орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Республикамизда энг кўп уюшмаган ёшлар қишлоқларда истиқомат қилади. Ёшларни муайян мақсад йўлида бирлаштириш, маънавий-маърифий тадбирларни кўпроқ ўтказиш орқали уларда юрт тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш мумкин. Бу каби устувор вазифалар амалга оширилса, ёшларда меҳнатга ижобий муносабат шаклланади.
Айтиш жоизки, мазкур йўналишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бунда айниқса, нуронийлар тажрибасидан фойдаланаётганимиз яхши самара бермоқда. Фуқаролар йиғинларидаги тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турган, жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойил вояга етмаганларга маҳалла кексалари бириктирилиб, улар билан мунтазам суҳбатлар ўтказилмоқда.
Натижада жорий йил профилактик ҳисобда турган бир неча вояга етмаган ёшлар ушбу рўйхатдан чиқарилиб, нотинч оилалардаги муҳит барқарорлашди, ёмон иллатларга ружу қўйган фуқаролар соғлом ҳаётга қайтарилди. Шу билан бирга, нуронийлар ташаббуси билан ташкил этилган учрашувларда ота-оналарнинг фарзандлари билан алоҳида мулоқоти уюштирилди.
Яхши тарбия кўрган, маънавияти юксак ёшлар ҳар қандай мураккаб муаммони ҳал этишга қодир. Бинобарин, билим олиш ва тарбияли бўлишга интилишни ёш авлод учун энг муҳим вазифага айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Маҳаллада тарбиясиз, ноқобил боланинг мавжудлиги маҳалла учун ҳам, маҳалладаги вояга етмаган болалар учун ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қўшни боланинг тарбияси издан чиқаётганини кўра била туриб, бу ҳолатга лоқайд қараган ота-оналар эртага ўз боласи қўшни боланинг таъсирига тушиб, ножўя қадам босмаслигига кафолат бера олмайди. Маҳалла, шубҳасиз, инсонни тарбиялашда катта аҳамият касб этади. Чунки, бола маҳаллада улғаяди, урф-одатлар ва миллий анъаналар тўғрисида илк тасаввурларга эга бўлади.
Оила маҳалла билан қанча яқин бўлса, шу оилада осойишталик бўлади, унинг ҳар бир аъзоси жамиятда ўз ўрнини топади, салбий ғояларнинг кириб келишига йўл қўймайди. Маҳалла ҳар бир оилада ўзаро ҳурмат, бир-бирига ёрдам, инсоний муносабатлар муҳити яратилишини қўллаб-қувватлаши, кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг болаларига моддий ёрдам, меҳр-мурувват кўрсатишда ўзининг барча имкониятларини намоён этиши керак.
Муҳтарам Президентимиз юртимизнинг қайси ҳудудига борса, албатта, ёшлар масаласини ўртага ташлайди, навқирон авлод вакилларини ўйлантираётган муаммоларнинг туб илдизига эътибор қаратиб, уларнинг ечимини топиш бўйича мутасадди ташкилотларга аниқ топшириқлар беради. Чунки, ватан келажагини, юрт тараққиётини белгиловчи омиллар орасида ёшларни баркамол авлод қилиб шакллантириш ўта долзарбдир.
Уюшмаган ёшларнинг турли соҳаларга, хусусан, халқ амалий санъати, китобхонлик, тадбиркорлик, илмий тадқиқотчилик, тиббиёт, ҳарбий ва бошқа соҳаларга ҳавас ва интилиши оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бунинг учун маҳалла гузарлари қошида турли тўгараклар билан бирга уларнинг ишини доимий назорат қилиб турадиган комиссияларни тузиш, тузилган бўлса, самарали фаолиятини ташкил қилиш орқали уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга эришиш мумкин.
Мамлакатимизда бола тарбияси, уни камол топтириш мажбурияти оила кодексига мувофиқ ота-она зиммасига юкланади. Айни пайтда ота-оналар ўз фарзандлари соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя этилиши ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
Лекин ҳамма ота-оналар ҳам болалари тарбиясига масъулият билан ёндашяпти, дея олмаймиз. Сир эмас, кўпчилик ота-оналар оилавий тарбия ишининг ўзига хос усулларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратишмайди. Бунинг оқибатида уларнинг фарзандлари томонидан турли ҳуқуқбузарлик ва ҳатто жиноятчиликлар ҳам содир этилаётир.
Бугунги глобаллашув даврида, яъни турли ахборот хуружлари авж олган, “оммавий маданият” илдиз отаётган бир пайтда фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор бериш зарур. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли хил хавф-хатарлардан ёшларни асраш зарур.
Давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик иқтисодий-сиёсий ва маънавий-мафкуравий муҳитнинг соғломлашувига, ёшларда бурч ва масъулият ҳисси ошишига хизмат қилмоқда.
Т.Романов,
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.



