СУВНИ АСРАШ — КЕЛАЖАКНИ АСРАШ:


самарадорлик, рақамлаштириш ва

кучайтирилган назорат босқичи

Сув масаласи бугун жаҳон миқёсида хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва экологик мувозанат билан бевосита боғлиқ стратегик омилга айланди. Марказий Осиё шароитида, айниқса, қишлоқ хўжалиги юқори сувталаб тармоқ бўлган Ўзбекистон учун бу масала икки карра долзарбдир.

Иқлим ўзгариши, дарёлар оқимининг камайиши ва сув ресурсларига босим ортиб бораётган бир пайтда сувдан фойдаланишни самарали ташкил этиш – давр талаби. 2025 йил якунлари ва 2026 йилга белгиланган устувор вазифалар шу йўналишда давлат сиёсати янги босқичга чиққанини кўрсатмоқда.
2025 йил давомида сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ҳамда гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан 15 минг 473 та назорат тадбири ўтказилди. Бу рақам шунчаки статистика эмас, балки сув ресурслари устидан тизимли мониторинг йўлга қўйилганининг ифодасидир. Қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган 13 минг 764 та профилактика тадбири эса соҳада тарғибот механизми устувор бўлаётганини англатади.
Амалий натижалар эътиборга молик бўлиб, 191 та сув объектига етказилган зарар бартараф этилди, 520 та ноқонуний сув олиш ҳолатига чек қўйилди. 2011 та сув олиш жойи замонавий ўлчаш ва бошқарув воситалари билан жиҳозланди, 3304 та нуқтада сув ҳисобини юритиш тизими жорий этилди. Энг муҳими, 690,7 миллион куб метр сув исрофгарчилигининг олди олинди. Бу ҳажм минглаб гектар ер майдонларини суғориш имконияти дегани. Демак, назорат тадбирлари ортида иқтисодий самара, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик барқарорлик каби кенг қамровли натижалар турибди.
Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Давлат субсидия­си асосида жорий этилган тизимларнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича назорат кучайтирилди. Натижада 66 минг 246 гектар майдонда анъанавий суғориш усули бекор қилиниб, замонавий технологиялар тўлиқ ишга туширилди. Бу фақат сув тежаш эмас, балки қиш­лоқ хўжалигида ресурслардан оқилона фойдаланиш маданияти шаклланаётганини кўрсатади. Чунки сув тежаш ортида энергия тежами, харажат камайиши ва ҳосилдорлик ошиши каби занжирли самаралар мавжуд.
Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги масаласи ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган. 2025 йилда 353 та инспекторлик текшируви ўтказилиб, 1765 та камчилик аниқланди. 26 та иншоотда махсус диагностика ишлари амалга оширилди, 46 та иншоотнинг хавфсизлик декларацияси тасдиқланди. 32 та ўта муҳим объект идоралараро комиссия томонидан ўрганилди. Бу рақамлар ортида катта масъулият турибди: ҳар бир иншоотнинг барқарор ишлаши минглаб аҳоли манфаатини ҳимоя қилади. Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш эса ҳар доим уларни бартараф этишдан кўра арзон ва самарали.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самародорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–47-сон қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Энди текширувлар 155 та боди-камера орқали амалга оширилади, 26 та дрон назорат жараёнларига жалб этилади. Бу ўзгариш техник жиҳатдан модернизация бўлса-да, аслида бошқарув фалсафасининг янгиланишидир. Боди-камералар шаффофликни таъминлайди, дронлар эса катта ҳудудларни тезкор кузатиш имконини беради. Инсон омилининг камайиши коррупция хавфини қисқартиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик – сув тежовчи технологияларни ўрнатувчи пудратчилар учун 2 йиллик кафолат ва 5 йиллик сервис хизмати мажбурий этиб белгиланганидир. Мазкур ёндашув сифат ва натижа учун жавобгарликни кучайтиради. Шу билан бирга, субсидия асосида ўрнатилган технологиялардан фойдаланмасдан анъанавий суғоришга ўтиш ҳолатлари молиявий санкцияларга сабаб бўлади. Бу талаб ресурсга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган қатъий чора сифатида баҳоланмоқда.
Рақамлаштириш жараёнлари ҳам жадал давом этмоқда. “Suvnazorat.uz” электрон тизими ишга туширилиб, инспекция функцияларининг ярми электрон шаклга ўтказилди. Бу эса ҳисоб-китобнинг аниқлиги, маълумотларнинг шаффофлиги ва қарор қабул қилиш тезлигини оширишга хизмат қилмоқда. Рақамли мониторинг сув сарфини реал вақт режимида кузатиш имконини беради, бу эса бошқарув сифатини мутлақо янги даражага олиб чиқади.
Бу жараёнлар Қорақалпоғистон Республикасида қандай самара бермоқда. Жумладан, 2025 йилда ҳудудда 47 миллион куб метр сув исрофгарчилигининг олди олинди. 2026 йилда эса юзлаб назорат ва профилактика тадбирлари, гидротехника иншоотларида текширувлар, хавфсизлик декларацияларини тасдиқлаш ва ўқув семинарлари режалаштирилган. Шу билан бирга Ўзбекистон Респуб­ликаси бўйича ҳар йили камида 5 миллиард куб метр сув исрофгарчилигини бартараф этиш мақсади қўйилгани эса ислоҳотлар кўламини англатади.
Муҳими, мазкур чора-тадбирлар фақат маъмурий назоратни кучайтириш эмас. Улар замирида ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ғояси ётибди. Сувни тежаш – бу иқтисодни тежаш, энергияни тежаш ва табиатни асраш демакдир.
Бугун сувга муносабатни ўзгартириш – фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар бир сувдан фойдаланувчининг бурчига айланмоқда. Чунки сув умуммиллий бойликдир. Уни асраш орқали биз нафақат бугунги эҳтиёжни қондирамиз, балки келажак авлодлар учун барқарор тараққиёт пойдеворини яратамиз. Зеро, сувни асраш – келажакни асраш демакдир.

Зафар Ирисбоев,
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғининг ўринбосари.