Жамиятда шундай мавзулар борки, улар ҳақида гапириш оғир. Аммо сукут сақлаш ундан ҳам оғирроқ.
Қиз олиб қочиш – ана шундай масалалардан. Уни йиллар давомида кимдир “удум”, кимдир “тақдир” деб атаб келди. Аммо ҳақиқат оддий: розиликсиз олиб кетиш – инсон иродаси ва ҳуқуқига тажовуздир.
Нукуслик 80 ёшни қоралаган Бозор она Халиллаева бу ҳолатни ўз ҳаёти мисолида эслайди:
– Бизга ҳеч ким “хоҳлайсанми?” деб савол бермаган. Шундоқ олиб кетишарди, тамом. Танлаш имкони йўқ эди. Буни “урф” деб қабул қилардик.
Унинг айтишича, қиз олиб кетилгандан кейин “розилик хати” деган қоғоз пайдо бўларди. Унда доим бир хил жумлалар ёзиларди: “Мен ўз розилигим билан келдим”. – Лекин бу сўзлар қўрқув остида ёзиларди, – дейди у. – Қайтиб кетишга йўл йўқ эди.
Шу ўринда муҳим савол туғилади: қўрқув ичида айтилган “розиман” сўзи ҳақиқий розиликми?
Жамиятда “қиз кўнди” деган ибора осон айтилади. Аммо қандай шароитда? Ота-она босими, қариндош-уруғнинг гап – сўзи, “эшик кўрган” деган тамға, қарғиш билан қўрқитиш – буларнинг барчаси қиз иродасини синдириш усулларига айланган эди.
Бозор она яна бир ҳолатни эслайди:
– Қиз қаршилик қилса, кампирлар остонага ётиб оларди. “Хатлаб ўтсанг, бахтсиз бўласан”, деб қўрқитишарди.
Бу шунчаки гап эмас. Бу – тақдир билан таҳдид қилиш. Шу каби босим остида қабул қилинган қарорни ихтиёрий деб аташ мумкинми?
Масаланинг ҳуқуқий жиҳати ҳам аниқ. Амалдаги қонунчиликка кўра, шахсни никоҳга мажбурлаш ёки унинг розилигисиз олиб кетиш жиноят ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган. Демак, “урф” деган сўз қонун олдида оқлов бўла олмайди.
Розилик – фақат эркин, босимсиз ва қўрқувсиз билдирилган қарор бўлгандагина розиликдир.
Бозор онанинг хотиралари ўтмиш ҳақида эмас, бугун ҳақида ўйлашга ундайди:
– Биз сукут билан яшадик. Лекин қизларимиз сукутда қолмаслиги керак.
Хулоса ўрнида: Қиз олиб қочиш – анъана эмас. У зўравонликнинг ижтимоий қабул қилинган шаклидир, назаримда.
Гўзал ЖИЕНБАЕВА,
Қорақалпоқ давлат университети Журналистика хизмат турлари ихтисослиги 2-босқич магистранти.



