БИР ДАРЁ — БИР МАДАНИЯТ: ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН ВА ХОРАЗМДА НАВРЎЗ АНЪАНАЛАРИ


Наврўз қадимдан Марказий Осиё халқларининг энг муҳим ва қадимий байрамларидан бири ҳисобланади. У табиатнинг янгиланиши, ҳаётнинг қайта уйғониши ва инсонларнинг янги умидлар билан яшашини ифодалайди. Наврўз нафақат фасл алмашинуви билан боғлиқ маросим, балки халқларнинг тарихий хотираси, маданий мероси ва ижтимоий бирлик рамзидир.

Амударё ҳавзасида жойлашган Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудлари ушбу байрамни асрлар давомида ўзига хос тарзда нишонлаб келган. Бу икки ҳудудни ягона табиий ва маданий макон сифатида бирлаштириб турадиган асосий омил — Амударёдир. Дарё нафақат сув манбаи, балки маданий алмашинув, оғзаки ижод ва анъаналар шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Шу боис “Бир дарё – бир маданият” ғояси Наврўз анъаналарида яққол намоён бўлади.

Байрам маросимларида инсон ва табиат уйғунлиги ғояси асосий ўрин тутади. Дарахт экиш, ерга уруғ қадаш каби урф-одатлар табиатга ҳурмат рамзидир.

Қорақалпоғистонда Наврўз халқнинг қадимий урф-одатлари билан уйғун ҳолда нишонланади. Байрам олдидан ҳашарлар ўтказиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, томорқаларни тозалаш, ҳовлиларни тартибга келтириш ва янги либосларни кийиш анъанаси сақланган. Байрам куни одамлар бир-бирларини табриклаб, эзгу тилаклар билдиришади. Бу ҳудудда миллий таомлар билан бир қаторда халқ ўйинлари ва бахши-жировлар ижоди ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, Қора уйлар тикилиб, аёл-қизлар қорақалпоқ миллий либосларида байрамга чирой бағишлайди. Сумалак, наврўз гўжа, жўхори гуртик, балиқ қарма сингари турли миллий таомлар дастурхонга ўзгача зеб бағишлайди. Шунингдек, сумалак пишириш жараёни жамоавий тарзда ўтиб, ушбу жараёнда хотин-қизлар ашулалар куйлаб, байрамона муҳит яратадилар.

Бахши ва жировлар томонидан термалар, куй-қўшиқ ва достонлар ижро этилиб, ўтмиш қаҳрамонлари ва тарихий воқеалар ёдга солинади. Жумладан, “Алпомиш”, “Қирқ қиз”, “Едиге” каби достонлар нафақат қаҳрамонликни, балки халқнинг маънавий дунёси ва қадриятларини акс эттиради. Шу билан бирга, бахшилар томонидан ижро этиладиган баҳорий қўшиқлар, насихатомуз термалар ва лирик куйлар Наврўз сайилларига алоҳида мазмун ва руҳ бағишлайди. Бу қўшиқларда табиатнинг уйғониши, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ва бирдамлик ғоялари куйланади.

Бундан ташқари, кураш,  оқ терекми – кўк терак, қочарман тўп каби миллий ўйинлар ташкил этилади. Мазкур ўйинлар ёшларнинг жисмоний бақувватлиги, эпчиллиги ва жамоавийлик ҳиссини оширишга хизмат қилади.

Хоразм ҳудудида ҳам Наврўз байрами ўзига хос анъаналар билан нишонланади. Бу ерда байрам нафақат табиатнинг уйғониши, балки аждодлар хотирасини ёд этиш, уруғ-аймоқларнинг бирлашиши билан ҳам боғлиқ. Наврўз арафасида уйларни безаш, ҳовлиларни ободонлаштириш ва дарахт экиш каби анъаналар кенг тарқалган. Байрам куни халқ сайиллари уюштирилиб, одамлар очиқ майдонларда йиғилиб, турли маданий тадбирларда иштирок этадилар. Дошқозонларда сумалак тайёрланиб халққа тарқатилади. Шунингдек, нишолда,  жиззали патир, кўк чучвара, исмалоқ сомса, тухум барак, ижжон, мошхўрда сингари миллий таомлар ўзгача файз киритади. Қолаверса, бахши ва шоирлар ижоди Наврўз байрамининг ажралмас қисми ҳисобланади. Улар томонидан “Гўрўғли” туркумидаги достонлар, ишқий-лирик қўшиқлар ва тарихий термалар ижро этилади. Бу чиқишлар орқали халқнинг тарихи, орзу-умидлари ва ҳаётий қарашлари ифодаланади. Бахшиларнинг жонли ижроси, уларнинг овози ва сози байрам муҳитини янада жонлантириб, одамларни бирлаштиради. Шу билан бирга, “Лазги” рақслари алоҳида санъат.

Хоразмда ҳам миллий ўйинлар кенг ўрин тутади. Кўпкари (улоқ), арқон тортиш, кураш, ланка каби ўйинлар байрамнинг ажралмас қисми бўлиб, уларда куч, жасорат ва жамоавийлик синовдан ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, “Бир дарё – бир маданият” ғояси Қорақалпоғистон ва Хоразм халқларининг Наврўз анъаналарида ўзининг ёрқин ифодасини топади. Миллий ўйинлар ва бахши-жировлар ижоди эса ушбу маданий мероснинг ажралмас қисми сифатида халқнинг тарихи, руҳияти ва дунёқарашини ўзида мужассам этади.

Мақсуда ХАЖИЕВА,

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети Фалсафа кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор.