Мўйноқда Наврўз байрами этнофестивал тарзида ўтказилди. Илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирга минглаб маҳаллий ва хорижий меҳмонлар ташриф буюрди. Икки кунлик тадбирнинг иккинчи кунида Мўйноқда эрталаб оппоқ қор ёғди. 30 март куни байрам тадбирлари асосан туман марказида ташкил қилинган “Ҳунармандлар қишлоғи”да бўлиб ўтди. Кун очиқ, ёрқин. Осмон эса мусаффо. Айнан байрамона об-ҳаво. Одамларнинг юзларида олам-олам қувонч.
Бу ерда уста-ҳунармандларнинг қўл меҳнатлари, ошпазлар томонидан тайёрланган турли хил миллий таомлар кўргазмага қўйилган. Байрамга бағишланган савдо ярмаркаларида маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда. Кўргазмада нашриётлар томонидан китоблар ҳам сотувга қўйилган.
– Бу йилги Наврўз байрами менга анча кўтаринки кайфият бағишламоқда, – дейди “Орол балиқчиси” газетаси бош муҳаррири Заҳида Қалжанова. – Мўйноқда деярли ҳар куни байрам деса ҳам бўлади. Сабаби, Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли туманимиз мутлақо янги ҳаётни қарши олмоқда. Ҳар куни қандайдир қурилиш объекти битказилиб фойдаланишга топшириляпти ёки қандайдир тадбир ўтказиляпти. Мўйноқ ва Орол бўйида ҳар куни яхши янгиликларни эшитяпмиз. Ўтказилаётган этнофестивал эса барча интиқиб кутган тадбир бўлди.
“Ҳунармандлар қишлоғи”да балиқчининг эски уйи қайта таъмирланиб уй музейига айлантирилган. У ерда худди ўтмишга қайтиб Орол балиқчиси каби ҳаёл суришингиз мумкин. Айнан шу музей ёнида сайёҳлар учун хостел ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, уй музейи қошидаги дўконда Орол, Мўйноқ ҳамда қорақалпоқлар ҳаётига оид ҳар хил сувенирлар сотувга қўйилгани кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Эрталабдан миллий куй-қўшиқлар садоси остида бўғирсоқ, сок-тақан тайёрланди, сумалак ва Наврўз гўжа қайнатилди. Фольклор жамоаси томонидан “беташар”, суннат тўй каби миллий тўй-базмлар ижро этилди. Бир томонда қорақалпоқ ўтовини тикиш жараёни йиғилганларга намойиш қилинаётган бўлса, иккинчи томонда “қазан”, «бекташ», «қашарман», «ланги», «шуллик», «ангалақ», «кошпек» каби миллий болалар ўйинлари бўйича мусобақалар қизиди. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан миллий кийимлар кўргазмаси ўтказилди. Учта жойда арғимчоқ қурилиб, уларда болалардан тортиб ёши катталар ҳам учиб кўнгил ёзди.
Кураш мусобақаси ҳам қизғин тус олди. Моҳир дорбознинг кўзи бойланган ҳолда дор устига тортилган ипда моҳирона томоша кўрсатиши айниқса, болаларда олам-олам таассурот уйғотди. Қалдирғоч, балиқ ва пуштиранг фламинголарнинг қиёфасидаги варракларни учириш болажонларнинг энг севимли машғулотлари бўлди.
Шу куни Мўйноқда ўтказилган тадбирга Нукус давлат педагогика институтининг филология ва педагогика факультетларидан 100 дан ортиқ талабалар ҳам миллий кийимларда иштирок этди. Улар Мўйноқнинг эътиборли жойларига саёҳат уюштиришди.
Мазкур институт профессори Кенесбай Алламбергенов шу куннинг ўзида шахсий ташаббуси билан Мўйноққа яқин жойдаги Шағирли овулидан ярим гектар ер олиб мевали дарахтларнинг кўчатларини ўтқазиб, хайрли ишга қўл урди.
Байрамнинг биринчи кунги тадбирлари жиров-бахшиларнинг гулхан атрофидаги кечки концерт дастури билан якунланди.
31 март куни карвон юриши ва гала концерт бўлиб ўтиши керак эди, лекин Мўйноқда эрталаб ёққан оппоқ қор тадбирларнинг бошқа кунга қолдирилишига сабаб бўлди.
Мўйноқликлар кўпдан буён бундай ёғингарчиликни кузатмаган эди. Наврўзда ёққан қор денгизнинг қуриган тагига ўтқазилган саксовул кўчатлари учун айни муддао бўлди. Оролбўйида эса байрам давом этади.
Е.Қаноатов.
ЎзА.



