ДУНЁДА СЎЗДАН ҚУДРАТЛИ КУЧ ЙЎҚ


Давлатимиз раҳбари қорақалпоқ маданияти, санъати ва адабиётига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Тошкентдаги Адиблар хиёбонида Бердақ, Тўлепберген Қайипбергенов ва Ибройим Юсупов ҳайкалларининг қад ростлаши, Нукусда Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг очилиши ана шу юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбой Низанов шу эзгу анъаналарнинг муносиб давомчиси. Унинг асарлари асосида кўплаб фильмлар тасвирга олинган, жумладан, “Танка” фильми ўзбек ­томошабинларига ҳам яхши таниш. У бугун Янги Қорақалпоғистонни бунёд этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган замондошларимиз ҳақида романлар ёзмоқда.

— Муратбой оға, суҳбатимиз аввалида кундан-кунга янгиланаётган Қорақалпоғистон ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз…

— Бугунги жамиятдаги ўзгаришлар олдида ҳар қандай фантаст ёзувчилар ҳам “ип эшолмай қолди”. Кечаги янгилик бугун эскиряпти, бугунгиси эртага яна шу ҳолга тушади. Биз, ёзувчилар замон қаҳрамонлари образини яратайлик деб ният қилсак, кўкка кўтарган қаҳрамонимиз ўзидан кейин чиққан қаҳрамонлар олдида ҳеч ким бўлмай қоляпти. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар шиддатидан.

Мустақилликка эришгунимизча Қорақалпоғистонда атиги иккита тўққиз қаватли тураржой ва битта ўн бир қаватли меҳмонхона бор эди.

Ўшанда “Нукусда ер ости сувлари яқин, шунинг учун баланд бинолар қуриб бўлмайди”, деб ишонтиришган.

Бугун эса Нукус шаҳрида 16 қаватли еттита тураржой қад кўтарди. Сўнгги ўн йиллик­ларда Қорақалпоғистон бўйича 5 — 7 қаватли 278 та тураржой барпо этилди.

Жорий йилнинг 1 январь санасига рес­публикамиз аҳолиси 2 миллион 53 минг кишига етган бўлса, шундан 350 мингини нукусликлар ташкил қилади. Етмиш битта маҳаллага жойлашган салкам 90 минг хонадонда қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман ҳамда бошқа миллат вакиллари тотув ҳаёт кечирмоқда. Ҳар бирининг қалбида “Ўзбекистон — умумий уйи­миз” деган ватанпарварлик ҳисси жўш уриб турибди. Авваллари қорақалпоғис­тонлик ёшлар билим ортидан Тошкент, Самарқандга йўл олса, энди ­Нукусдаги олийгоҳларда Хоразм, Бухоро, ­Навоий, ҳатто Сурхондарё-ю Қашқадарё вилоятларидан келган ёшлар ҳам таълим олмоқда. Айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги болаларнинг турмуш тарзини яхшилаш, тиббий-ижтимоий хизмат турларини кенгайтириш ҳамда уларни ҳаётга фаол мослаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг қарори асосида 2019 йил 4 апрелда Нукус шаҳридаги “Имкон” реабилитация маркази қошида давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилгани муҳим аҳамиятга эга. Мазкур муассаса Ўзбекистонда биринчи марта очилди. Ота-она учун фарзандининг ногирон бўлиб туғилиши оғир дард. Фарзандидан кечолмайди, онанинг ёлғиз ўзи бундай болани парвариш қилиши жуда қийин. Шу маънода, бу муассаса ана шу оналар учун беқиёс ёрдам бўлди. Бу ерда болалар мослаштирилган ўқув дастури асосида таълим ҳам олмоқда. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар бу кўнгли ярим болажонларни ҳам четлаб ўтмаётгани ана шу имкониятлар ва ғамхўрликларда ҳам яққол кўриниб турибди.

— Орол ҳудудидаги янгиланишлар ҳақида нима дея оласиз?

— Қорақалпоқ — ўз кўнглини ўзи шод этиб юрадиган халқ. Бундан ҳам ёмон кунда тўйга борганмиз, деб ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ўзини олдирмаган. Хотин-қизларимиз ўзининг юриш-туришидан адашмаган, қадди-қоматини бузмаган. “Ёв келди деб юришимни янгилайми”, деган экан шундай бир беклиги мустаҳкам опамиз. Орол ҳақида дунё жар солаётганига 40 — 50 йил бўлди. Қани шуларнинг фойдаси? Рюкзагига минерал сув солиб олган чет эллик олимлар, журналистлар “Қуриб қолган денгиз туби қандай бўлар экан?” деб томоша қилиш учунгина келарди. Қўлларини минерал сувда ювадиган бу кибрли туристларга халқимиз ўзлари емайдиган таомларини тортарди.

2018 йил ноябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мўйноққа келди. У “Оролнинг қуриб қолган тубидаги 5 миллион гектар ерни ўрмонзорга айлантирамиз” деган шиорни илгари сурди. Шу кундан бошлаб мамлакатнинг барча вилоятларидан ёрдамчилар ўз механизмлари билан оқиб кела бош­лади. Ҳозир ўша 5 млн. гектар майдоннинг 3,5 млн. гектарида саксовул ҳамда шўрга чидамли бошқа ўсимликлар ўсиб турибди. Натижада Орол тубидан кўтариладиган тузли чанг тўхтади. 70 — 80-йиллардан бери водоканал тармоғидан сув ичмаган Мўйноқ аҳолиси ўша 2018 йилнинг ўзидаёқ тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бўларкан-ку! Ҳеч ким четдан келиб бизга “жаннат” қуриб бермайди. Ҳамма нарса ўз қўлимизда, ўз ниятимизда ва интилишимизда экан! “Қорақалпоғистонда одамларнинг ўртача умри йил сайин қисқариб бормоқда”, деган тахминлар ҳозир ҳақиқатга тўғри келмайди. Бугунги кунда ўзини “ривожланган давлатлар” деб ҳисоблайдиган Европа мамлакатларида ўртача умр кўриш давомийлиги 77 — 82 ёш атрофида бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 76 ёшни ташкил этади. Албатта, бу охирги чегара эмас. Юртимизда 80 — 90 ёшдагиларни айтмаганда, 100 ёшдан ошиб умр кечираётган отахон ва онахонлар ҳам талайгина. 2015 йилда биз киноижодкорлар билан биргаликда Тўрткўл шаҳрида 1880 йилда туғилган Тўти Юсупова ҳақида фильм суратга олдик. Ўша пайтда 135 ёшни қаршилаган бу она нафақат республикамиз, балки бутун дунёдаги энг кекса инсон эди. У шунча ёшга кирганига қарамай, тандирда ёпилган нонни бемалол чайнаб ея оларди (чунки унинг тишлари янгидан чиққан), шунингдек, хона ичида ҳеч кимнинг ёрдамисиз юра оларди. Яқинда яна бир узоқ умр кўрган фуқаро ҳақида эшитиб, Тахтакўпир туманига бордик. Унинг исми Бийбихон Акимниязова бўлиб, 1900 йилда туғилган, яъни ҳозир 126 ёшга кирмоқда. Айни пайтда онахон “Ўзбекистон” овул фуқаролар йиғинига қарашли Бессари қишлоғида асраб олган ўғли Жийенбаев Бердибой билан бирга яшаяпти.

— Тараққиёт, шубҳасиз, тинчлик меваси. Шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, бу ҳақ гап. Шу боис бу осойишталикни асраш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш олий қадрият ҳисобланади. Бирорта ҳам қорақалпоқ хонадони йўқки, ё ўзбек, ё қозоқ билан қуда-анда бўлмаган бўлса! Ватаннинг қадрини четга чиққанда, миллатлар дўстлигининг меҳрини эса мусофир бўлган пайтингда теранроқ анг­лайсан.

Келинг, шу ўринда бир мисол. 2023 йил март ойида Умра зиёратига бордим. Қайтишда Кувайтдан Тошкентга учдик. Самолёт ўша томоннинг авиакомпаниясиники эди. Қаттиқ чанқаганимдан стюардларнинг аравачасидаги турли-туман совуқ ичимликларга қараб қўяман. Бироқ ҳеч кимга тарқатиб берилаётгани йўқ.

— Менга бир стакан сув беринг! — дедим чидолмай.

— Икки доллар, — деди улар.

Чўнтагимда бир-икки юз долларлик пул бор эди, лекин майдаси йўқ. Шу орада сув сўраганимни эшитиб қолган йўловчилар:

— Менда термосда чой бор.

— Газсиз сув ичасизми?

— Мана, ичинг, муздеккина…

Ҳар томондан сув таклиф қилувчилар кўпайди. Қалбим эриб кетди. “Мусулмончилик араб ўлкасидан тарқалган бўлса ҳам, ундаги одамгарчилик бизда сақланиб қолган экан-да!” дедим Ватанга муҳаббат ва халқимга чуқур меҳр билан.

“Uzbekistan Airways” самолётида берилган овқатни еб тугата олмасдим. Салонда чойнак кўтариб юрган стюардессалар қанча сўрасанг, шунча чой ёки совуқ сув бериб турарди…

— Сиз асарларингиз орқали китобхонларга қорақалпоқларнинг қандай урф-­одатлари, қадриятларини етказмоқчисиз?

— Қорақалпоқ халқининг менталитети, унинг турмуш кечириш шароити бошқа қардош халқлардан фарқ қилади. Шунинг учун ҳам у қорақалпоқ-да! Бироқ унинг шундай нозик томонларини билмасдан туриб, ўзларича: “Бундай бўлмайдими?” деб юрувчилар ҳам анча. Айниқса, кино соҳасида. 2020 йил мартда қорақалпоқ қизининг тақдири ҳақида бадиий фильм яратилди. Фильмнинг қаҳрамони ҳаётдан олинган. Манзура Эрниязова деган қиз поезд ҳалокатига учраб, бир оёғи ва бир қўлидан айрилади. Олти-етти ойлаб тўшакда ётиб қолади. У ўз ихтиёри билан эрига бошқа аёлга уйланишга рухсат беради. Тушкунликка таслим бўлмаган қиз узоқ даволангандан кейин оёққа туради ва шу бир оёқ, бир қўлда ҳунармандчилик билан шуғулланади. Ўн — ўн икки нафар қизни атрофига жамлаб, “Миллий кийимлар тикиш цехи”ни очади. Қизларни иш билан таъминлайди. Мўйноқликлар унга “Йўлбарснинг юрагини еган қиз” деб баҳо беришади. Мана шу қиз ҳақида фильм суратга олинди. Шу фильмга муҳаррирлик қилсам-да, режиссёрлар сценарий ўзгарганини айтмади. Фильмнинг номи “Тақдир поезди” эди. Режиссёр уни “Тенгиз” деб ўзгартирибди. Бош қаҳрамон қизга ҳам “Тенгиз” деб ном қўйибди. Фильмга овоз ёзиш учун режиссёрлар Нукусга келди. Мен эса фильмни кўрганим йўқ. Қандай чиққанини ҳам билмасдим. Бироқ режиссёрга айтдим:

— Қорақалпоқларда Тенгиз деган қизнинг исми бўлмайди. Йигитларда бўлиши мумкин — Тенгизбой деган, лекин у ҳам мингтадан биттасида учрайди.

— Тенгиз деган қизнинг исми туркларда бор экан, — деди у.

— Биз турк эмасмиз, — деб овоз беришда қатнашмасдан кетиб қолдим.

Бу ерда режиссёрнинг йўқ жойдан “Тенгиз” деган номни олиб келиб ёпиштириши юқоридагиларнинг назарини тортишдан бош­қа нарса эмас эди. Кейин ўзим ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг қардошлиги, қуда-андалиги ҳақида фильм ишладим. Унда Нукусга келган қудағайнинг қўлига бўлажак келини лаган-қумғон олиб бориб сув қуяди. Қизнинг елкасида сочиқ туради. Фильмни кўрган биздаги айрим ёши улуғлар:

— Қорақалпоғистонда ҳали канализация йўқ экан, деб ўйламасмикан? — деди.

— Йўқ, оқсоқол, бу меҳмонга бўлган ҳурмат, халқимизнинг анъанаси-ку! Меҳмонга “Бориб қўлингизни ювиб келинг” десак, қандай бўлади?

Фильмнинг давоми Тошкентда олинди. Қорақалпоқ қизи келин бўлиб тушди. Келиннинг қайнотаси ролини Эркин Комилов, қайнонаси ролини Аида Юнусова ижро этди.

Эркин ака келинга тавоқлик олиб бераётганда келин эгилиб олди. Эркин ака:

— Э-э, — деб тавоқнинг четидан ушлаб қолди.

— Буларда шундай одат бор экан, — деди Аида Юнусова.

— Шундайми, мен тавоқ қўлидан тушиб кетяпти, деб ўйлабман.

Эркин акага келин тавоқни олаётганда эгилиб олиши олдиндан айтилмаган экан. Фильмда қорақалпоқ халқининг айрим урф-одат ва анъаналарини атайин эмас, балки ҳаётий ёритишга ҳаракат қилдим.

— “Танка” фильмида коррупция мавзусини 23 йил аввал кўтаргансиз. Сизнингча, шундан бери коррупция камайдими ё қиёфасини ўзгартирдими?

— “Танка” фильми ҳалигача экрандан тушмай келяпти. Бу мен учун ҳам, қорақалпоқ халқи учун ҳам катта фахр. Кинокартинада коррупциянинг кичик бир элементи бор: бир диплом иши — бир сигирнинг пули! Бироқ фильм давомида бу иллат бутунлай унутилиб кетади. Уни қорақалпоқ халқининг санъатга қизиқиши, айниқса, ўша санъат арбобига меҳри ва ҳурмати енгиб кетади. Натижада фильмда бундай “юлғичлик” иллати сезилмай қолади.

Коррупция — бу зарпечакка ўхшайди. Зарпечакнинг илдизи бўлмайди. У бошқа ўсимликка ёпишиб олади, шунинг ҳисобига озиқланади ва ўша ўсимликни қуритади. Бизда зарпечак бошқа ёввойи ўтлардек юлиб ташланмайди. Уни кўмиб ёки ёқиб юборадилар. Коррупция ҳам ҳозир зарпечакдек ёйилиб кетган. Унинг шакллари кўп. Ундан фақат “ёқиб йўқотиш” билангина қутулиш мумкин. Унинг битта бўғини тирик қолса ҳам, яна ўсиб, кўпайиб кетаверади.

— Афсуски, ҳозир бадиий асарларнинг ўрнини у ёки бу даражада ёзилган тижорий сценарийлар эгаллади. Бекорчи “сериалнавис”лар телевидениега зулукдек ёпишиб олган. Бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб бораётган сериалларда романларда етишмайдиган ҳамма нарса бор. Сизнингча, бугун ёзувчига нима қолди?

— Режиссёрлар кўпинча фильмга ўзлари сценарий муаллифи бўлишни истайди. Нав­батдаги фильмни суратга олаётиб: “Шундай қилиб мен ҳам ёза оламан-ку” деган хаёлга берилади-да, йўқ жойдан воқеа тўқиб, фильм ишлайди. Бироқ ёзувчининг асаридаги ғоя қандай эди, сўзларнинг салмоғи қандай эди, бунга эътибор бермайди. Эътибор берган тақдирда ҳам, унинг уддасидан чиқиши қийин. Ўзимнинг “Меҳригиё” (“Маргия”) фильмимдан бир эпизод келтирай. Фильмга таклифлар асосида айрим муаллифлар ҳам ҳисса қўшди. Ўша қўшилган улушлар учун ҳалиям хижолат тортаман.

…Қорақалпоқ қизига ошиқ йигит Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети)нинг юқори босқичида ўқийди. Йўлда кетаётганида қўл телефони жиринглайди. Кимдир унга бир бемор ҳақида мурожаат қиляпти.

Йигит эса:

— Бўпти. Менинг қабулимга келсин! — дейди.

Ўзи талаба бўлса, ҳали рецепт ёзишни ҳам ўрганмаган. Қаёқда унинг қабули бўлади? Бироқ ўша эпизод мени “огоҳлантирган” танқидчиларга маъқул бўлди. Демоқчиманки, дунёда сўз қудратидан ўткир куч йўқ. Яхши фильм олиш учун яхши сценарийга эҳтиёж сезилади. Бунинг учун эса чинакам бадиий асарларга мурожаат этиш керак.

— Китобхонликни кўтариш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Илгари одамлар болаларига улар учун мўлжалланган эртак ёки шеър китобларни совға қиларди. Ҳозирги ёшлар эса болаларига тез ёнувчи шамлар, киллерлар тақадиган ниқобларни олиб беряпти. Шунинг учун болалардан олдин ўзимизни тарбиялашимиз керак. Президентимиз ёшларни китобга қайтариш учун фармон ва қарорлар чиқаряпти. Танловлар эълон қиляпти. Афсуски, совғага автомобиль олган айрим китобсеварлар “Мен 500 та китоб ўқидим”, деб интервью беради. Мен ҳозир 75 ёшдаман. Учинчи синфдан бадиий китобларга қизиққанман. Ростини айт­сам, шу ёшимгача ўқиган китобларим 500 тага етмаган. Улар эса 9-10 та китоб ўқибоқ “500 та китоб ўқиганман”, дейди.

Энди бугунги замондошларимиз ҳақида айтадиган бўлсам, кўз тегмасин, ҳамма нарса етарли. Илгари нотаниш қишлоққа келиб қолган одам ўша қишлоқнинг тандирига қарар экан. Агар бутун қишлоқда битта тандир бўлса “Ҳа, бу қишлоқ одамлари аҳил экан” деган хулосага келинган. Чунки “Кўз-кўзга тушса, меҳр юзга тушади” дейишади. Тандир баҳона, улар бир-бири билан тез-тез кўришиб турган. Сатира асарларимнинг бирида шундай жумлани ёзгандим: “Керак бўлмаса ҳам қўшнидан элак сўраб тур, бўлмаса бир-бирингизни танимай қоласиз!”. Ўзимиз роботга айланиб қолмасдан туриб, инсоний фазилатларимизни йўқотмайлик.

— Маънавият ҳақида кўп гапириляпти, қорақалпоқлар ўзининг миллий қадриятлари, маданиятининг юксак анъаналарини жаҳонга қай даражада кўрсата оляпти?

— Ўтган йили қорақалпоқнинг “қора уйи” ЮНЕСКО рўйхатидан ўрин олди. Ушбу хабар Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида дунёга тарқалганда, кўнгли қувончдан тўлқинланмаган бирорта ҳам қорақалпоғистонлик қолмаган бўлса керак. Ундан олдинроқ эса бизнинг ўтовимиз “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кириб, катта қувонч бағишлаганди. Чет элликлар энди “қора уй” деса, Қорақалпоғистонни тушунадилар. Бизнинг эса кўз олдимизга дарҳол Чимбой келади. Чунки “қора уй”нинг ватани Чимбойдир. Ҳар йили чимбойлик усталар Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларига юзлаб ўтовларни етказиб бермоқда. Уларга доимий равишда буюртмалар келиб туради. Мана, мустақиллик шарофати билан “қора уй”га ҳам навбат келди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида айнан шу “қора уй” сабабли бойлар қаторига қўшилиб, сургунга ҳайдалган аждодларимиз, афсуски, “қора уй”нинг бошига бахт қуши қўнганини кўра олмади. Очиғи, “Янги Ўзбекистон” атамаси пайдо бўлганида, нега унга “янги” деган сўз қўшилди, деб ҳайрон бўлгандим. Бунинг моҳиятига мустақилликнинг 35 йиллигига бағишлаб “Янги Қорақалпоғистон” китобини ёзиш жараёнида тўлиқ амин бўлдим. Бизда вақти-вақти билан радиода янграйдиган “Гулистон” деган қўшиқ бор. Унда Қорақалпоғистон қуйидагича таърифланади:

 

Ҳайрон бўлма, эй жаҳон, ҳайрон бўлма ҳеч,

Кечаги эмас бу Қорақалпоғистон.

Бу эл қайта туғилиб, яшнаган бўстон,

Бу эл мустақил элдир, бу эл Гулистон…

 

Адиба УМИРОВА

суҳбатлашди.

(«Халқ сўзи» газетасининг 2026 йил 5 август сонидан олинди).