21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун


ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ НУФУЗИ

юртимиз тараққиётига ҳамоҳанг юксалмоқда

Тил инсон ақлий фаолиятининг энг асосий воситасидир. Инсонни бутун ҳайвонот оламидан ажратиб турган, коинот сарвари ва гултожига айлантирган омил ҳам тилдир. Шунинг учун ҳам улуғ мутафаккир бобомиз А.Навоий бундан беш ярим аср олдин:

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким гуҳари шарифроқ йўқ ондин, —

деб тилнинг инсониятни ҳайвонот дунёсидан ажратиб турувчи буюк инъом, туҳфа эканлигини таъкидлаган.  Инсоннинг ҳайвондан фарқли ўлароқ маънавий жиҳати бўлгани учун ҳам унинг ўз атрофига бўлган муносабати ­онгли тарзда бўлади. У ҳар бир ишни ўйлаб қилади. Ҳар бир киши ўз ишининг унумли бўлишини ва яхши натижа беришини истайди ҳамда унга эришишнинг турли йўлларини ўйлаб топади. Кишининг инсоний жиҳатлари ва тафаккури ҳам ўз тажрибаси, ўзгалардан ўрганиш натижасида тўпланиб борган билим ҳисобига ривожланиб боради. Бунда кишиларнинг ўзаро фикрлашиши энг зарурий шартлардан биридир. Кишилар бир-бирларининг фикрини билмаса, ўзлаштирмаса, авлоддан авлодга қолдирмаса, жамиятда ҳам, инсонда ҳам ривожланиш бўлмайди, фикрни ифодалаш, маълум қилиш ва алмашишда тил воситачилик қилади. Шу билан бирга фикрлаш жараёнида ҳам тилнинг бевосита иштироки бўлади ва тил тафаккурнинг ривожланишига, онгнинг ўсишига ёрдам беради. Демак, тил моҳиятан табиий ҳодиса ҳам, якка кишига хос ҳодиса ҳам эмас экан. Тил фақат бир жиҳати, яъни товуш томони билан табиий, яна бир жиҳати – нутқий қобилият томони билан якка шахсга хос. Аммо моҳият эътибори билан жамият маҳсули бўлиб, ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.

Истиқлол шарофати, демократик ва адолатли жамият, ҳуқуқий давлат тамойилларига асосланган ҳолда ҳозирги даврда мамлакатимизда тил сиёсати ва тиллар вазияти бутунлай ўзгарди, барча халқлар тилларининг эркин ривожланиши ва тенг ҳуқуқ асосида амал қилиши учун кенг истиқболлар очилмоқда. Мустақиллик шарофати билан биз жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнимизга эга  бўлдик. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни мустаҳкамланди. Шу билан бирга она тилимиз нуфузини юртимизнинг жадал тараққиётига ҳамоҳанг тарзда юксалтириш борасида олдимизда қатор вазифалар ҳам турибди. Ўзбек тилини жаҳон халқларига танитиш, жаҳон халқлари ҳам уни тан олиши муҳимдир. Хориждан келадиган меҳмонлар Ўзбекистонни ўзбек тили орқали таниши (ўзбек тилини ўрганиб келиши ёки келиб ўрганиши) бизнинг давлат тили борасидаги сиёсатимизга боғлиқ. Жаҳон мамлакатларида она тилимизнинг хорижий тил сифатида ўқитилишига эндиликда алоҳида эътибор берилмоғи лозим. Бу улкан йўналишнинг тизими, дастурлари, қўлланмалари, тегишли луғатлари ишлаб чиқилиши ҳозирги долзарб вазифалардандир. Она тилимизнинг жаҳон мамлакатларида ўқитилиши жаҳоннинг мамлакатимизга эътиборини кучайтиради ва айни пайтда, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини оширади.

Истиқлол йилларида ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайгани, уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалари, янги-янги луғатлар кўплаб чоп этилаётгани жамият тафаккурини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Айниқса, давлат тилининг  халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир.

2006-2010 йилларда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг яратилиши тилимиз тараққиётида катта воқеа бўлди. Унда 80 мингдан ортиқ сўз ва ибораларга изоҳ берилган бўлиб, ўзбек тилини ўрганувчилар учун тенги йўқ қўлланма ҳисобланади.

Бу йўналишдаги энг катта ишлардан бири, шубҳасиз А.Навоий номидаги  ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил қилиниши бўлди. Университетни очишдан мақсад  ўзбек тили ва адабиётининг нуфузини халқаро миқёсда оширишдан иборат. Университет аҳли жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилиш билан бирга ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини дунё тилларига таржима қилиш билан ҳам шуғулланадилар. Бу билан ўзбек тилининг, ўзбек адабиётининг, ўзбек маънавиятининг ноёб жиҳатлари билан жаҳон халқларини таништиришга хизмат қилади. Албатта, бу йўналишда кадрлар барча масалаларни ҳал қилади. Ўзбек тилининг дунё миқёсидаги нуфузини ошириш учун таълим сифатини яхшилаш зарур. Ёшларга ва ўзбек тилини ўрганишни истаган барча инсонларга ўзбек тили ва адабиётидан таълим беришда жаҳон тажрибасидан, андозаларидан фойдаланиш муҳимдир. Дунёда кенг тарқалган, ривожланган давлатлар тилларини ўргатиш методикасини ўзлаштиришимиз керак. Бизнинг фикримизча ҳозирги кунда ўзбек тили таълимида мавжуд муаммоларни ҳал қилишда қуйидагиларга эътибор қаратиш керак деб ўйлаймиз.

Биринчидан, ўзбек тили жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, тобора равнақ топиб бораётган мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат тилидир. Шу боис она тилимизнинг нуфузи ва амалиётини мустаҳкамлаш, таълим-тарбиянинг барча бўғинларида ўзбек тилидан мустаҳкам билим бериш, саводхонлик ва нутқ маданиятини юксалтириш масалаларига ниҳоятда катта эътибор қаратиш ­лозим.

Иккинчидан, ўзбек тили таълими методикасини янгилаш, ўқув машғулотларида илғор педагогик технологиялар ва ахборот информацон воситалар тўлиқ тадбиқ этилишига эришиш зарур.

Шунингдек, таълим босқичлари учун янги типдаги муқобил дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, аудио ва видеодискли дарсликлар, услубий қўлланмалар, дидактик таълимий воситалар, мультимедиа иловалари мажмуаларини яратиш ва таълим жараёнига татбиқ этиш ­керак.

Бундан ташқари, узлуксиз таълим босқичларида ўзбек тилини ўрганувчилар ва битирувчиларга қўйиладиган давлат стандартлари талаблари даражаларини халқаро андозаларга мувофиқлаштириш ва сертификатлаштириш орқали давлат тилининг нуфузини янада кўтариш мумкин.

Бўлажак ўзбек тили ўқитувчиларининг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, уларни замонавий таълим жараёнида педагогик бошқариш услублари ва воситаларини биладиган, муаммоларни аниқлашга,ғояларни регенерация қилишга, қарорларни қабул қилишга қодир бугунги кун ўқитувчиси сифатида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўзбек тилини республикамиздаги чет эллик фуқароларга ва чет элларда ўқитиш-ўргатишни йўлга қўйиш, хорижликлар учун ўқув-услубий қўлланмалар яратиш ­зарур.

29 йилдан буён амал қилиб келаётган “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ўзбек тилининг тараққиёти, унинг ҳозирги даражага етишига муносиб хизмат қилди. Эҳтимол, у муайян давр синовларидан ўтиб, янада такомиллаштирилар. Зотан халқнинг умумий даражаси, савиясининг кўтарилиши, унинг ҳуқуқий онги  юксалишини ҳам таъминлайди.

Буюк келажак яратаётган эл мақомининг юксалиши она тили мақомини ҳам юксалтириши шуб­ҳасиздир.

Гулмирза Қурбониёзов,

филология фанлари номзоди, доцент.